ДАВЛАТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ВОРИСЛИГИ

ДАВЛАТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ВОРИСЛИГИ — бир давлат ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бошқа бир давлатга ўтиши. Давлатларнинг ҳуқуқий ворислиги масаласи қуйидаги ҳолларда юзага келади:

1) ижтимоийиқтисодий формация ўзгаришига олиб келган ижтимоий инқилоб содир бўлганда;

2) миллий озодлик кураши натижасида янги мустақил давлатлар пайдо бўлганда;

3) аввалги давлат ҳудудида — бир неча давлат ташкил топганда ҳамда икки ёки бир неча давлат бирлашуви натижасида янги давлат вужудга келганда; 4) ҳудудий ўзгаришлар рўй берганда. Давлатларнинг ҳуқуқий ворислиги янги давлатлар учун: халқаро шартномаларни қайта кўриб чиқиш, уларни бекор қилиш, халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, хусусий мулкни давлат мулкига айлантириш, мулкнинг хуқуқий ворислигини таъминлаш каби масалаларни қайтадан ҳал қилишни тақозо этади. 1978 й. да Давлатларнинг шартномаларга оид ҳуқуқий ворислиги тўғрисида Вена конвенцияси қабул қилинган эди. 1983 й. ги Вена конвенцияси эса давлат мулки, давлат архивлари ва давлат қарзларига оид Давлатларнинг ҳуқуқий ворислиги асосий қоидаларини белгилаб берди.

Loading...