ДЕБРЕЦЕН — Венгрия шарқидаги шаҳар, Венгрия пасттекислигида. Хайду-Бихар медьесининг маъмурий маркази. Аҳолиси 208,4 минг киши (1997). Йирик транспорт йўллари тугуни. Мамлакатнинг муҳим иқтисодий ва маданий маркази. Саноатининг асосини машинасозлик (жумладан вагонсозлик, подшипниклар и. ч., тиббиёт асбоблари, қ. х. машиналари) ташкил этади. Металлни қайта ишлаш, кимё-фармацевтика, озиқовқат, тикувчилик, мебель и. ч., тери саноати корхоналари мавжуд. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Ун-т, ФА нинг Қуёш физикаси ва атом тадқиқоти ин-тлари, музейлар (этнография ва б.), театр бор. 18—19-а. ларга оид меъморий ёдгорликлари сақланган. Бальнеологик курорт шаҳри. Дебрецен 10-а. дан маълум.