ДЕФИБРЕР (франц. defi breur — толани майдалаш) — ёғоч массаси ёки целлюлоза олиш учун думалоқ ёки ёрилган ёғочни (уз. 1—3 м, диаметри 8—24 см) айланиб турган жилвир тош ёрдамида қириб ёғоч массаси олиш учун мўлжалланган машина. Даврий ишлайдиган ва узлуксиз ишлайдиган хиллари бўлади. Даврий ишлайдигани гидравлик, магазинли; узлуксиз ишлайдигани винтли, занжирли ва ҳалқали турларга бўлинади. Жилвир тоши кварц-цемент ёки керамик тошдан қилинган узлуксиз Дефибрер кенгроқ ишлатилади. Унда тўхтовсиз айланиб турадиган пластинкали занжирлар ёғочни жилвир тошларга қисиб беради, жилвир тошлар ёғочни қириб, ёғоч массасига айлантиради. Дефибрер қоғоз ва картон ишлаб чиқариш корхоналарида қўлланилади.