
ДЕҲЛИ
ДЕҲЛИ — Ҳиндистон пойтахти ва Деҳли иттифоқдош ҳудудининг маъмурий маркази. Аҳолиси 9,4 млн. киши (1997). Ҳиндистоннинг шим.-ғарбида Жамна дарёси бўйида, денгиз сатҳидан 216 м баландликда жойлашган. Деҳлида июль ойининг ўртача т-раси 31°, янв. ники 14,2°. Бир йилда ўртача 660 мм ёғин ёғади.
Ҳоз. Деҳли қадимги Индрапрастха (Индарпат) ш. яқинида 8-а. нинг 1-ярмида барпо этилган. 1206 й. дан Деҳли султонлигининг, 1526 й. дан Бобурийлар салтанатининг пойтахти (Д. шаҳрини пойтахт тутган ҳукмдорларнинг деярли барчаси туркийлар бўлган). 1803 й. да Деҳлини инглизлар босиб олди. 1857—59 й. ларда шаҳар ҳинд миллий қўзғолонининг муҳим марказларидан бири бўлган. 1911 й. дан Британия Ҳиндистонининг пойтахти, ўша йилдан Деҳлининг жан.-ғарбида Янги шаҳар (Нью-Дели) қурила бошлади. 1947 й. дан мустақил Ҳиндистон пойтахти, 1950 й. дан Ҳиндистон Республикаси пойтахти.
Деҳли — мамлакатнинг йирик иқтисодий ва маданий маркази. Ҳиндистон шим. даги муҳим транспорт йўллари тугуни. Бу ердан мамлакатнинг турли томонига ва чет мамлакатларга т. й., автомобиль ва ҳаво йўллари кетган. Деҳлида 3 та аэропорт мавжуд. Шаҳарда пойтахт аҳолиси эҳтиёжи учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган саноат тармоқлари: тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж, кўн пойабзал, ойна-керамика, кимё-фармацевтика, электроника, металлсозлик ва машинасозлик кўпроқ ривожланган. Деҳли қадимдан анъана бўлиб келаётган бадиий ҳунармандчилик (фил суяги ўй-макорлиги, нафис заргарлик буюмлари, олтин ва кумуш буюмлар и. ч.) б-н ҳам машҳур.
Деҳлининг эски қисми — Шоҳжаҳонободда қад. меъморий ва санъат ёд-горликларидан шаҳар девори (қисман) дарвозалари б-н, Деҳли жоме масжиди, Лаъл-Қила (Қизил форт) сарой комплексида Бобурийлар даврининг оқ мармардан ишланган саройлари (РангМаҳал, Девони-Ом, Девони-Кхас, барчаси 1639—48 й. ларда қурилган), Марварид масжид (1660) бор. Эски шаҳардан жан. га томон Ферузобод ш. вайроналари (1351—88), Кулон (1380) ва Қилаи-Кўҳна (1545) масжидлари билан Пурана-Қила сарой-қўрғон ансамбли (1540), Ҳумоюн мақбараси (1565) ва б. сақланган. Деҳлининг эски қисмидан 20 км жанубда 4 та шаҳарқалъа мавжуд: Сири (1303 й. да қурила бошлаган), Жаҳонпаноҳ (14-а.), Тўғлоқобод (1325, Ғиёсиддин мақбараси) ва Лаъл-Кот (12-а. охири). Лаъл-Котда Темир устун (415), Қувват ул-Ислом масжиди (1193 й. да қурила бошлаган), Қутб Минор минораси, Элтутмиш мақбараси (1235 й. дан бошлаб) мавжуд. Деҳлининг янги қисми катта майдонлар, боғлар ва улардан бошланган кенг кўчалардан иборат бўлиб, у ерда «Ҳиндистон Дарвозаси», марказий ҳукумат қароргоҳи, маъмурий идоралар, банклар ва б. жойлашган. 2 та ун-т, кўплаб коллеж ва ин-тлар, Санъат ва б. академиялар, бадиий галереялар, музейлар, Маҳатма Ганди ва Жавоҳарлал Неру мемориал музейлари, театрлар, Миллий музей, амфитеатр, расадхона ва б. бор. Кўплаб замона-вий турар жой бинолари қурилган.