ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ — оилавий майда товар хўжалиги. Ўзбекистонда умуман Деҳқон хўжалигининг шакллари жуда кўҳна тарихга эга бўлсада, хўжалик юритишнинг бозор иқтисодиёти шароитларида унинг ҳозирги ташкилий тузилмаси 90-й. ларнинг охирида пайдо бўлди.
Деҳқон хўжалиги оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила бошлиғига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида берилган томорқа ер участ-касида оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида қ. х. маҳсулотлари етиштиради ва сотади. Деҳқон хўжалиги фаолияти тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ва хўжалик аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин. Деҳқон хўжалиги белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кундан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади.
Қ. х. кооперативлари (ширкат хўжаликлари) аъзоларининг, бошқа қ. х. ва ўрмон хўжалиги, корхона, муассаса ва ташкилотлари ходимларининг оилаларига, шунингдек, қишлоқ жойларида яшовчи ўқитувчилар, шифокорлар ва б. мутахассисларнинг оилаларига Деҳқон хўжалиги юритиш учун томорқа ер участкаси, иморат ва ҳовли эгаллаган майдонни ҳам қўшганда, суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача, дашт ва чўл минтақасида эса суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 1 гектаргача ўлчамда берилади.
Ўзбекистонда Деҳқон хўжалиги ташкил қилиш, уларнинг фаолияти ва тугатилишининг ҳуқуқий асослари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан бўладиган муносабатлари масалалари Ўзбекистан Республикасининг 1998 й. 30 апр. да қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» қонунига мувофиқ тартибга солинади.
Ўзбекистонда 1,8 млн. Деҳқон хўжалиги бор (уларнинг 8,3 мингтаси юридик шахс мақомига эга). Уларга ажратилган ер майдони 287,3 минг га бўлиб, ҳар бир Деҳқон хўжалигига ўртача 0,16 га ер майдони тўғри келади. Республика қ. х. ялпи маҳсулоти ҳаж-мининг 66% Д. х. ҳиссасига тўғри келади (2001).
Қурбон Чориев.