ДЕҲҚОНЛАР

ДЕҲҚОНЛАР — ижтимоий гуруҳ, аҳолининг асосий касби деҳқончилик бўлган махсус тоифаси. Деҳқонлар меҳнат фаолияти, турмуш тарзи, манфаати ва кўникмаларига кўра жамиятдаги бошқа синф ва ижтимоий гуруҳлардан фарқ қилади. Деҳқонлар аграр соҳада фаолият кўрсатади, ер ва б. ресурсларга эгалик қилади, ўз и. ч. воситалари ва оила аъзолари меҳнати билан якка хўжалик юритади. Деҳқонларнинг пайдо бўлиши ибтидоий жамоат тузумининг парчаланиши жараёнида қ. х. да ихтисослашув юз бериб, деҳқончиликнинг чорвачиликдан ажралиб чиқиши ва майда оилавий хўжаликларнинг юзага келиши билан боғлиқ. Ўрта Осиёда ва Эронда дастлаб жамоадан ажралиб чиққан катта ер эгалари, баъзан қишлоқ оқсоқоллари «деҳқон» дейилган (улар ўзларининг девор билан ўралган мустаҳкам қўрғонларига эга бўлганлар). Ўрта асрларга келиб Деҳқонлар қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг асосий таянчини ҳосил этди, натижада у аҳолининг асосий ижтимоий қатламига айланди. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг тараққиёти ва ижтимоий меқнат тақсимотининг чуқурлашуви натижасида асосан қ. х. ишлаб чиқаришида банд бўлган Деҳқонлар товар-пул муносабатлари юзага келтирадиган ижтимоий-иқтисодий муносабатларга тортилдилар ва астасекин ижтимоий табақаланиб майда, ўртаҳол ва йирик ер эгалари бўлган Деҳқонлар пайдо бўлди. Саноат ривожланиши б-н, биринчи навбатда, камбағал, майда Деҳқонлар ҳисобидан ишчилар шаклланади ва шу ҳисобига Деҳқонлар сони қисқарди. Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда Деҳқонлар сонини кес-кин қисқартирадиган фермер хўжаликларининг ўсиши билан бир қаторда кооперация ҳам юзага келди. Ҳоз. ривожланаётган мамлакатларда аҳолининг асосий қисмини ташкил қиладиган Деҳқонларнинг хўжалик уклади ривожи ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг умумий қолоклиги таъсирида янада мураккаблашиб бормоқда. Собиқ СССРда, Шарқий Европа ва Осиёдаги бир қатор мамлакатларда куч ишлатиб, қатағон йўли билан амалга оширилган деҳқон хўжаликларини жадал кооперациялаш (жамоа хўжаликларига айлантириш) қ. х. ишлаб чиқаришини жуда пасайтириб, Деҳқонларга хам, жамиятга ҳам зарар келтирди.

Ҳоз. вақтда Ўзбекистонда томорқа ери бўлган майда Деҳқонлар, ширкат аъзоси бўлган Деҳқонлар, деҳқон хўжалиги эгалари бўлган Деҳқонлар ва давлатдан ерни узоқ муддатга (10 — 50 йил) ижарага олган йирик фермер хўжалиги соҳиблари бўлган Деҳқонлар фаолият кўрсатади (яна қ. Деҳқончилик).

Аҳмаджон Ўлмасов.

Prev Article

ДЕҲРАДУН

Next Article

ДЕҲҚОНОБОД