ДЕКАРТ

ДЕКАРТ (Descartes) Рене (лот. номи — Картезий; 1596.31.3, Лаэ, Турень — 1650.11.2, Стокгольм) — француз файласуфи, математиги, физиги, физиологи. Ла-Флеш иезуит коллежида таълим олди, юнон ва лотин тилларини, мат. ва фалсафани ўрганди. 1629 й. да Нидерландияга кўчиб борди, фан билан шуғулланади. Қиролича Христина таклифи билан 1649 й. да Швецияга боради ва ўша жойда вафот этади. Декарт фалсафаси унинг мат. си, космогонияси, физикаси билан боғлиқ. Мат. да аналитик геометрия асосчиларидан бири (тўғри бурчакли координаталар тизими унинг номи билан аталади), ўзгарувчи миқдор ва функция тушунчасини берган («Геометрия», 1637), бир қан-ча алгебра белгиларини жорий қилган. «Диоптрика» (1637) асарида ёруғлик нурининг икки муҳит чегарасида синиши ҳақидаги қонунни баён қилган. Ҳаракат миқцорининг сақланиш қонунини таърифлаган. Осмон жисмларининг юзага келиши ва ҳаракати материя зарраларининг уюрма ҳаракатидан деб тушунтирувчи назария (Д. уюрмалари) муаллифи. У физиологияга оид бир қанча тажрибалар ўтказди ва биринчи бўлиб шартсиз рефлекс ҳақидаги тасаввурни яратди. Декарт фазо материя билан тўла, материясиз фазо йўқ, деб тушунди. Декарт фалсафаси асосида жон ва тана, «фикрловчи» ва «кўламли» субстанция дуализми ётади. Материяни кўлам (ёки фазо) га тенглаштирган, ҳаракатни жисмларнинг ўз жойини ўзгартиришидан иборат деб билган. Декарт фикрича, ҳаракатнинг умумий сабабчиси худо бўлиб, у материя, ҳаракат ва осойишталикни яратган. Инсон жонсиз аъзои баданни тафаккурга ва иродага эга бўлган жон билан боғлаб туради. Декарт фалсафаси худо, жисм ва жондан иборат учта туғма ғоя бор деган қоидага асосланади. У худонинг мавжудлигини, ташқи оламнинг реаллигини исботлашга ҳаракат қилган. Декарт ғоясига кўра, инсоннинг моҳияти унинг фикрлашидадир. «Фикрлаяпман, демак мавжудман» деган фикри шундан келиб чиққан. Унинг фикрича, илмда ишончли, исботланган, тажри-бада текширилган дастлабки асос икки йўл билан — биринчиси индукция ва анализ орқали, иккинчиси — дедукция ва синтез орқали излаб топилади. Декарт иккинчи йўлни маъқул йўл деб ҳисоблайди. У инсон акл-идрокининг билиш жараёнидаги ўрнига юксак баҳо беради. «Ҳар бир хулосага шубҳа билан қараш керак», дейди у. Ҳар жиҳатдан рационал-файласуф бўлган Декарт 17—18-а. фалсафаси ва фани тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг фалсафа ва табиатшуносликка оид таълимотлари таъсирида вужудга келган илмий мактаблар мажмуаси картезийчилик фалсафаси номи билан машҳур бўлди. Асосий асарлари: «Геометрия» (1637), «Метод ҳақида мулоҳазалар» (1637), «Фалсафа асослари» (1644) ва б.

Loading...