ДЕРАТИЗАЦИЯ

ДЕРАТИЗАЦИЯ (франц. deratisation — кемирувчиларни қириш) — юқумли касалликларни тарқатадиган ҳамда халқ хўжалигига иқтисодий зарар келти-радиган кемирувчиларни қириш. Профилактик ва қириб йўқотиш тадбирларини ўз ичига олади. Профилактик тадбирлар зараркунанда кемирувчиларнинг уя қуриши, овқатланиши ҳамда кўпайишига имкон берадиган шароитларни йўқотишга, турар жой, хўжалик биноларини, гўшт корхоналари, гўшт асраладиган музхоналар, аралаш ем корхоналари, элеватор, тегирмон, омборхоналарни улар киришидан ҳимоя қилишга қаратилган бўлади. Бунинг учун дон, ун, сабзавот, гўшт ва б. маҳсулотларни кемирувчилар тегмайдиган идишларда сақлаш; уй ва ҳовлиларга, озиқ-овқат, емхашак сақланадиган биноларга кемирувчилар кирмаслиги учун уларни доим озода тутиш, қолган овқатлар солинадиган челаклар ва ахлат яшикларини ўз вақтида бўшатиб туриш, тешик-тирқишларни беркитиб ташлаш, ҳаво кирадиган туйнукларга металл тўр тутиш, подвал деразаларига ойна солиш ва сим тўр тутиш керак.

Кемирувчиларни қиришни (биологик, механик ва кимёвий) профилактик тадбирлар билан бирга қўшиб олиб бориш зарур. Биологик усул билан қиришда мушук, ит, баъзан типратикандан фойдаланилади. Йиртқич қушлар (япалоққуш, бургут ва б.), тулки, сассиқкўзан, кирпи, мушук каби ҳайвонлар кемирувчиларни йўқотадиган табиий биологик кушандалардир.

Механик воситаларга қопқон, тузоқлар киради. Кемирувчиларга карши курашишнинг кимёвий усулида турли хил заҳарли моддалар қўлланилади. Бунда таркибида роденцидлар бўлган заҳарли хўраклардан фойдаланилади ёки улар кемирувчилар чикадиган тешикка сепилади. Заҳарли моддалар билан ишлаганда эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилиш керак. Кемирувчилар пайдо бўлганда санэпидстанцияга хабар қилиш лозим, у бутун бинода Дератизация ўтказади.

Loading...