ДЕРМАТОЛОГИЯ ВА ВЕНЕРОЛОГИЯ ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ — Ўзбекистан Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли илмий тадқиқот муассасаси. 1932 й. Тошкент ш. да ташкил этилган. Ин-тда жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, кенг тарқалган дерматозлар ва дерматомикозлар, шунингдек, моховни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш устида тадқиқотлар олиб борилади. Бунда С. Хидиров, У. К. Белуха, М. Обидов, А. Вайсов каби олимларнинг хизматлари катта.
Ин-тда жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, микология, дерматология бўлимлари, илмийташкилий бўлим, илмий-маслаҳат поликлиникаси ва микробиология, серодиагностика, иммунология, фармакотерапия, био-кимё ва морфология лаб. лари, 160 ўринли клиник касалхона, кутубхона, виварий ва ҳ. к. бор (2001). Ин-тда 4 фан д-ри (С. Арифов, К. Йўлдошев, А. Раҳматов, Э. Эшбоев), 27 фан номзоди ва б. ходимлар хизмат қилади (2001). Ин-т Давлат фан ва техника қўмитаси, чет эл грандларини ютган. Ин-тда илмий тўплам, монография, дарслик ва турли қўлланмалар чоп этилади, ихтиролар қилинади, дерматовенерологиянинг долзарб муаммолари бўйича илмий-амалий анжуманлар ўтказилади.