ДЕЗОДОРАЦИЯ (дез… ва лот. odoratio — ҳид) — ёқимсиз, қўланса ҳидларни йўқотиш ёки сезилмайдиган ҳолатга келтириш. Объектлардан фойдаланишда ветеринариясанитария талабларига риоя этмаслик, органик субстратларнинг чириши натижасида ҳавода аммиак, водород сульфид, скатол, индол, учувчан ёғ кислоталари ва б. моддаларнинг тўпланиши биноларда қўланса ҳид пайдо қилади. Уй-жой бинолари, чорвачилик мажмуалари, озиқ-овқат корхоналари, беморлар ва ярадорлар ётадиган палаталар, жипс берк бинолар (сув ости кемалари, кос-мик кемалар)да Дезодорация ўтказилади. Дезодорация учун бир қанча воситалар (аэрозоллар, озон, формалин, хлорли оҳак, листа кумир, торф, калий перманганат ва б.) бор. Баъзилари (чин дезодораторлар) қўланса ҳидли газларни ютади, оксидлайди, ўзига бириктириб олади ва айни вактда чиритувчи (саситувчи) микро-организмларга таъсир этади. Чорвачилик биноларини Дезодорация лашда гўнгни ўз вақтида йиғиштириб олиш, биноларни шамоллатиш, қалинроқ тўшама солиш яхши натижа беради. Гўшт к-тлари ва совуқхоналарни Дезодорация қилишда би-нонинг ички деворларига 1% ли иссиқ ишқорлар эритмаси ёки таркибида 2% фаол хлор бўлган хлорли оҳак эритмаси билан ишлов берилади. Учувчан ёғ кислоталарини оксидлаш учун бино ичига вентиляция қурилмаси орқали озон киритилади (озоннинг 1 м3 хаводаги концентрацияси 0,05—0,1 м3 дан ортиқ бўлмаслиги керак). Ахлат ўралари ва уюмларининг сассиқ ҳидини йўқотиш учун кул, қум, тупроқ, кўмир кукуни, торф сепиб кўмилади, шунингдек, кимёвий моддалардан фойдаланилади.