ДИАФРАГМА (юн. diaphragma — тўсиқ) — 1) бирор физик системанинг қисмларини ажратиб турувчи тўсиқ;
2) оптикада — оптик системалар (телескоп, микроскоп, спектроскоп, кино ва фотоаппаратлар ва б.) да ёруғлик нури дастасининг кўндаланг кесимини чекловчи ношаффоф тўсиқ. Шаффоф экрандаги кичик тешик ҳам Диафрагма бўлади. Линза ва кўзгу гардиши, кўз қорачиғи ва б. оптик буюмлар Диафрагма вазифасини бажаради. Оптик системанинг ёруғлик кучи ва тасвир сифати Диафрагманинг катта-кичиклиги ва вазиятига боғлиқ бўлади. Фото – ва киноаппаратларда Диафрагма объектив ичида линзалар орасига жойлаштирилади. Ҳозирги замон фото – ва кинообъективлари ирис Диафрагма билан таъминланади. Ирис Диафрагма ҳалқага ўрнатилган бир нечта ўроқсимон япроқчалардан иборат. Ҳалқани буриб, объективдаги тешик катталигини ўзгартириш мумкин. Ёруғлик нурлари оптик системадан чиқаётганда улар майдонини ғоятда торайтирадиган Диафрагма апертура Д. си дейилади;
3) электрон оптикада — зарядланган зарралар дастаси кесимини чекловчи электр ўтказувчи пластин-кадаги тирқиш; 4)ўлчаш техникасида — қувурлардан оқаётган буғ, газ ва суюкликлар сарфини ўлчашда қўлланиладиган тешикли диск;
5) турбиналарда — йўналтирувчи аппарат куракчалари ўрнатиладиган ҳалқасимон тўсиқ; 6) гидротехника иншоотларида — гидравлик зулфин элементи; бетон, темирбетон, металл, баъзида ёғочдан қилинган вертикал девор кўринишидаги қурилма.