ДИАЛЕКТИК МАТЕРИАЛИЗМ

ДИАЛЕКТИК МАТЕРИАЛИЗМ — марксизмнинг фалсафий таълимоти. Материализм ва диалектиканинг узвий бирлигидан ташкил топганлиги учун Диалектик материализм дейилади. Диалектик материализмнинг асосий тамо-йилларини 19-а. нинг 40-й. ларида К. Маркс ва Ф. Энгельс таърифлаб берган. Диалектик материализм материя дунёнинг ягона асоси, онг материянинг хоссаси эканлигига асосланади, нарса ва ҳодисалар ўртасида ялпи ўзаро алоқа бор деган қоидадан келиб чиқиб, дунёдаги ҳаракат ва ривожланишни унинг ички зиддиятлари натижаси деб эътироф этади. Диалектик материализмнинг асосий тушунчаси — материя, унинг мавжудлик усули — ҳаракат, асосий шакллари — фазо ва вақт. Д. м. нинг асосий қонунлари: қарамақаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни, миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаршиларига ўтиши конуни, инкорни инкор қонуни. Д. м. таълимотига кўра, билимнинг асоси ва ҳақиқат мезони — амалиёт. Диалектик материализм ҳар қандай диний ва идеалистик қарашни, фикрлашни ғайриилмий деб ҳисоблайди. Собиқ СССР даврида Диалектик материализм тушунчалари фан, маданият ва умуман ижтимоий ҳаётнинг ягона назарий асоси деб эълон қилинди, коммунистик партиянинг мафкураси ва сиёсатига хизмат қилдирилди. Диалектик материализмни илм-фан, ижтимоий амалиёт соҳаларига бевосита қўллаш, уни «яккаю-ягона, бирданбир тўғри фалса-фа»га, илмий билишнинг «танҳо услуби»га айлантириш ҳаракатлари авж олди. Шўролар тузумининг расмий фалсафаси, илм-фаннинг бирдан-бир услубий асоси бўлиб келди. Диалектик материализм фалсафий фикр тарихида турфа дунёни турлича идрок этувчи, ўрганувчи ва талқин қилувчи фалсафий оқимларнинг биридир.

Loading...