ДИАЛИЗ (юн. dialysis — ажратиш) — коллоид системалар ва юқори молекулали бирикмаларнинг эритмалари таркибидаги куйи молекулали моддаларни яримўтказгич мембраналар (кичик молекула ва ионларни ўтказиб, коллоид заррачалар ҳамда ионларни ва макромолекулаларни ушлаб қоладиган пардалар) ёрдамида йўқотиш. Диффузия қонунларига асосланган. Диализаторларда олиб борилади. Оддий диализатор дистилланган сув сақланадиган идиш (3) ва сувга ботиб турадиган шиша цилиндр (1) дан иборат. Шиша цилиндрнинг оғзи очиқ бўлиб, туби парда — мембрана (2) билан тўсилган. Цилиндрга тозаланадиган коллоид эритма қуйилади. Идишдаги сув цилиндр деворларини ювиб, муттасил оқиб туради. Коллоид эритманинг ион ва моле-кулалари цилиндр тагидаги пардадан ўтиб, сувнинг ион ва молекулалари билан алмашинади. Бу жараён жуда секин ўтади. Ионларнинг диффузияланиш жараёнини электр майдон таъсирида тезлаштириш мумкин. Электр диализатор диализланадиган системаларни электролитлардан тозалашни бир неча ўн марта тезлатади. Диализ саноатда турли моддаларни тозалашда ишлатилади. Мас, сунъий толалар и. ч. да (гемицеллюлозадан ишкррни ажратиш), желатинани тозалашда, шунингдек, фармацевтик препаратлар тайёрлашда қўлланилади.