
ДИД
ДИД (эстетикада) — ҳаёт ва санъатнинг барча соҳаларида инсоннинг эстетик ҳодисаларни фарқлаш, тушуниш ва баҳолаш қобилияти. Дид узоқ ижтимоийтарихий тараққиёт, меҳнатнинг турли соҳаларидаги тажрибалар натижасида вужудга келади. Дидда шахс, гуруҳ ва халқнинг оламга эстетик муносабати тажрибаси инъикос этилиб, уни ҳар бир киши турли йўллар билан ўзлашти-ради, ўз индивидуал эстетик фаолияти билан бойитади. Дид инсонга хос фазилат. У юксак ёки паст, кенг ёки тор, чекланган ёки чекланмаган, нозик ёки саёз бўлиши мумкин. Диднинг юксак ёки пастлиги бирор нарса ёки ҳодисага берилган баҳо, билдирилган муносабатда сезилади. Дид инсоннинг табиат, жамият, ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ҳамда кечинмалари даражасини билдиради. Дид — инсоннинг тарихан шаклланиб, ўзгариб турувчи маънавий салоҳиятлари кўринишидир. Муайян ижтимоий-тарихий ҳодисалар, турли даврлар силсиласи Диднинг мазмуни ва куринишига уз таъсирини ўтказади. Табиат, жамият, санъат ва инсондаги гўзалликни хунукликлик, нозикликни қўполликдан, яхшини ёмондан ажрата билиш эстетик Дид характери ва даражасини кўрсатади. Эстетик Дид миллий ва умуминсоний хусусиятларга эга. Миллий хусусиятлар тайин тарихий шароит ва анъаналар б-н, умуминсоний хусусиятлар эса башарият маънавий мероси билан боғлиқ. Ҳис-туйғусиз, маънавий кечинмасиз эстетик Дид амал қилмайди. Эстетик Дид муҳокамасида мавҳум тафаккур эмас, маънавий туйғулар, ёрқин ҳис-ҳаяжонлар биринчи ўринда туради. Эстетик идрок жараёнида, яъни бирор нарсанинг эстетик қий-матини белгилашда инсоннинг аклий ва ҳиссий салоҳиятлари биргаликда қатнашсада, ҳиссий мушоҳада асосий аҳамият касб этади. Ҳар кимнинг Диди ҳар хил бўлади. Шунинг учун Дид йўналишини ҳар бир кишининг гўзаллик ҳақидаги тушунчаси белгилайди. Дид инсоннинг фақат муомала маданиятинигина эмас, жамиятдаги муайян маънавий даражасини, камолотини ҳам кўрсатади.
Дид инсоннинг касби, жинси, ёши, маданияти билан узвий боғлиқ. Дид сизлик — меъёрни бузиш, уни билмаслик ва унга амал қилмасликдир. Қўполлик ва бачканалик Дид сизлик аломатидир. Ин-сон Диди туғма эмас. У тарбия оркали такомиллашиб ва тараққий этиб бо-ради. Юксак ва сомом эстетик Дидга эга бўлиш кишининг ҳам маънавий, ҳам руҳий бойлигидан далолат. Эстетик Диди такомиллашган ва тарбия кўрган одамнинг маданий савияси юксак, ахлоқий қиёфаси гўзал, ақлий ва ҳиссий кечинмалари чуқуррокдир. Инсоннинг санъат асарларига муносабати бадиий Дидда намоён бўлади. Бадиий Дид инсоннинг адабиёт ва санъат асарларини тушуниб етиш, баҳолай олиш ва улардан завқлана билиш салоҳиятини кўрсатади. Дидни шакллантириш ва ривожлантириш — эстетик тарбиянинг вазифасидир.
Ад.: Маҳмудов Т., Мустақиллик ва маънавият, Т., 2001.
Тилаб Маҳмудов.