ДИДРО (Diderot) Дени (1713.5.10, Лангр — 1784.31.7, Париж) — француз файласуфи, ёзувчиси, маърифат-парвари. 1751—80 й. ларда «Энциклопедия ёки фан, санъат ва касб-ҳунарларнинг изоҳли луғати» (1—35-жилдлар)нинг асосчиси ва муҳаррири. Фалсафий ва бадиий асарлар яратди. «Кўрлар ҳақида кўзи очиқларга ўгитнома» (1749), «Табиатни тушунтиришга оид фикрлар» (1754), «Д’Аламбер туши» (1769), «Материя ва ҳаракатнинг фалсафий принциплари» (1770) асарларида маърифатли монархия тарафдори бўлгани учун абсолютизмни, христиан дини ва черковини аёвсиз танқид қилди, сенсуализмга таянган ҳолда материалистик ғояларни ҳимоя этди. Дидро барча мавжудотга материянинг турли шакллари сифатида қаради. Унинг фикрича, материя сифат жиҳатдан турлича, унда ўз-ўзидан ҳаракат, ривожланиш мавжуд. Дидронинг адабиётдаги роли реализм учун кураши билан белгиланиб («Фаталист Жак ва унинг хўжайини» романи, 1773; «Роҳиба» қиссаси, 1760), унинг бу кураши тасвирий санъат ҳақидаги («Салонлар», 1759—81) ва театр тўғрисидаги («Актёр тўғрисида парадокс», 1773—78) танқидий асарларида ҳам ифодаланган. Дидро халқ таълими тўғрисидаги асарларида пед. нинг жуда кўп муаммоларини (халқ таълими тизими, ўқитиш услублари ва ҳ. к.) баён этган. У халқ таълимининг давлат тизими лойиҳасини тузган, ёппасига бепул бошланғич таълим қоидаларини, таълим ҳамма табақа учун бир хил бўлишини ҳимоя қилган. Ночорларнинг болаларига давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилиши зарур, деб ҳисоблаган. Физика-мат, ва табиий фанлар муҳимлигини уқтирган. Яхши дареликлар тузиш, бу ишга йирик олимларни жалб қилиш ҳақида ёзган. Ўрта мактабларда йилига 4 марта очиқ имтиҳонлар ўтказиш, ўқитувчиликка танлов эълон қилишни мақсадга мувофиқ деб билган.