ДИФТЕРИЯ

ДИФТЕРИЯ (юн. diptherien — парда, эт) , бўғма — асосан ҳиқилдоқ, томоқ шиллиқ пардаларининг яллиғланиши ва аъзоларнинг зарарланиши билан кечадиган ўткир инфекцион касаллик. Касаллик қўзғатувчиси кирган жойни зич парда босиши ва умуман организмнинг оғир заҳарланиши (интоксикация) билан кечади. Дифтерия билан кўпроқ болалар касалланади. Касаллик қўзғатувчисини биринчи бўлиб немис олимларидан Э. Клебс ва Ф. Лефлер аниқлаган (1883 — 84). Дифтерияни дифтерия таёқчаси ёки Лефлер таёқчаси (уни тасвирлаган олим номи билан аталади) қўзғатади. У атроф муҳит таъсирига анча чидамли: бемор тутган буюмлар (идиштовоқ, китоб, ўйинчоқ, кийим-кечак ва б.)да бир неча ҳафта сақланиши мумкин, аммо офтобда ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирида тезда ўлади. Касаллик асосан бемордан юқади, у бутун касаллик давомида ва, ҳатто, соғайиб кетганидан кейин ҳам бир қанча вактгача атрофдагилар учун хавфли ҳисобланади. Бемор йўталганда, аксирганда, сўзлашганда Дифтерия микроблари сўлак, шилимшиқ, балғам томчилари билан ҳавога чиқади. Соғлом одам шундай ҳаводан нафас олганида унга касаллик юкади. Бактерия ташувчи киши ҳам касаллик манбаи бўлиши мумкин. Дифтерия таёқчаси кўпинча бурунҳалқум, томоқ ва юқори нафас йўллари (қиқилдоқ, трахеяни) зарарлантиради. Дифтерия таёқчаси шиллиқ пардага ўрнашиб олади ва ўзидан токсин (заҳар) ажратади, у қон ва лимфа билан бутун организмга тарқалади. Дифтерия токсини шиллиқ пардани яллиғлантириб, унда зич парда — караш ҳосил қилади. Дифтерия таёқчасининг ўрнашган жойига ва кўпайишига қараб томоқ, бурун, ҳиқилдоқ, кўз, ташқи жинсий аъзолар ва тери Д. си кузатилади. Касалликнинг инкубацион даври 2—10 кун. Томоқ Дифтерияси ҳолсизланиш ва ҳароратнинг кўтарилиши (38—39°) билан бошланади. Томоқ оғриб жағ ости лимфа тугунлари шишади; томоқ шиллиқ пардаси қизаради, муртак безлари ва юмшоқ танглай оқ ёки кулранг парда билан қопланади. Дифтериянинг токсинли шакли ҳам ривожланиши мумкин, у тез авж олади; т-ра 40° гача кўтарилади, ютинганда томоқ қаттиқ оғрийди, бемор қайтақайта қусади. Умуман дармонсизланади, бўшашади, юрак уриши тезлашади, ранги синиқади. Жағ ости лимфа тугунлари соҳасидаги тери ости клетчаткалари шишади ва у бўйинга, баъзан кўкрак қафасига тарқалади. Томоқ шиши Дифтериянинг илк белгиси бўлиб, бунда муртак безлари ва юмшоқ танглай тўқималари бир-бирига деярли жипс ёпишади. Пардали караш танглай, бурунҳалқумни қоплаб олиб, бемор хириллаб нафас олишга мажбур бўлади, оғзини сал очиб юради, кейинроқ бурундан кўп шилимшиқ келади.

Бурун Д. си узоқ давом этадиган тумов билан кечади, кўпинча буруннинг бир томони битиб, қон аралаш шилимшиқ келади. Жараён сует кечиб, узоққа чўзилганида бир талай Дифтерия таёқчалари чиқиб, теварак атрофдагиларга жиддий хавф тугдиради.

Ҳиқилдоқ Д. си асосан гўдак болаларда учрайди; бола хириллаб йўталади, овози бўғилади, нафас олиши қийинлашади, ҳиқилдоғи шишади, овоз бойламлари тортишади (спазм). Д. га бошқа касалликлар (қизамик, скарлатина) қўшилганда касаллик айниқса оғир ўтади. Дифтерия токсини кўпчилик аъзоларга таъсир этиб, оғир асоратлар — буйрак, юрак (қ. Миокардит), нервлар (қ. Полиневрит)нинг зарарланишига олиб келади. Аксари ўпка яллиғлани-ши — зотилжам кузатилади.

Давоси. Дифтерияга қарши зардоб юбориш яхши наф беради, чунки зардоб дифтерия токсинини зарарсизлантиради. Олдини олиш. Дифтерия билан оғриган беморни ўз вактида касалхонага ётқизиш керак. Ўзбекистонда ҳамма соғлом болалар мажбурий тартибда 2 ойликдан тортиб 12 ёшгача эмланади. Болалар муассасалари ёки озиқ-овқат корхоналарида ишлайдиган ходимларнинг томоғидан ва бурнидан шилимшиқ олиб, бактериологик текширувдан ўтказилади. Ясли, боғчага қатнайдиган болалар ҳам шу усулда текширилади. Бактерия ташувчилар болалар муассасаларига ишга қўйилмайди ва бактерия ташувчиликка икки марта текширувдан ўтиб яхши натижа олингандан кейингина ишга қайтадан рухсат берилади. Соф ҳавода бўлиш, хонани яхшилаб шамоллатиб туриш, врач кўрсатмасига мувофиқ дорилар қабул қилиш бактерия ташувчиликни тезроқ бартараф этишга ёрдам беради. Бола ангина бўлганда дарҳол врачга кўрсатиш зарур. Акс ҳолда Дифтерияни пайқамай зардоб юбориш вақтини ўтказиб юбориб, бола ҳаётини хавф остида қолдириш мумкин.

Ад.: Хўжаев Ш. X., Дифтерия, Т., 1993. Шоносир Шоваҳобов.