ДИН

ДИН (араб. — эътиқод, ишонч, итоат) — худо ёки худолар, ғайритабиий кучлар мавжудлигига ишониш. Дин муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотларнинг фаолиятлари орқали намоён бўладиган, олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тарзи, уни идрок этишнинг ўзига хос усули. Диннинг пайдо бўлиши ҳақида ягона фикр йўқ. Ислом дини таълимотига кўра, Дин — Аллоҳ томонидан ўз пайғамбарлари орқали башарият оламига жорий этилажаги зарур бўлган илоҳий қонунлардир. Табиат ва инсонни яратган, айни вақтда инсонга тўғри, ҳақиқий ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишончни ифода этадиган таълимотдир.

Дин дунё, инсон, мавжудотларнинг келиб чиқиши, инсоннинг яшашдан мақсади каби саволларга ўзича жавоб беради. Дунёвий илм нуқтаи назаридан Дин кишилик жамияти тарихий тараққиётининг маълум босқичида пайдо бўлган ижтимоий онг шаклларидан бири. Бу дунёқараш жамиятнинг маълум тарихий давр ва шароитларидаги талаблари, эҳтиёжлари асосида шаклланади. Улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий Д. га фалсафа билан бир қаторда ҳақиқатга етишишнинг 2 мустақил усулидан бири сифатида қараган. Форобийнинг фикрича, фалсафадаги масалалар исботини пайғамбарлар рамзлар шаклида баён қилганлар. Динга турлича ёндошишни Беруний, Ибн Сино, Умар Хайёмнинг ижтимоий-фалсафий қарашларида, Ибн Рушднинг икки ҳақиқат назариясида кузатиш мумкин. 18-а. француз файласуфларининг Динга бўлган ўзига хос ёндашувлари, 19-а. да мифологик мактаб (ака-ука Я. Грим ва В. Грим, М. Мюллер), антропологик мактаб (Л. Фейербах) ва б. турли йўналишлар пайдо бўлган бўлса, 20-а. да Динни тадқиқ қилиш юзасидан яна бошқача қараш ва назариялар (К. Юнг, Э. Дюркхейм) вужудга келди.

Диннинг нима эканлиги турлича изоҳлансада, умуман ол ганда Дин — ишонмоқлик туйғусидир. Бундай туйғуси бўлмаган халқ йўқ. Чунки бирон-бир халқ Дин сиз, эътиқодсиз, бирон-бир нарсага ишончсиз яшай олмайди. Дин инсониятнинг энг теран, энг гўзал маънавий-руҳий эҳтиёжларидан биридир. Инсоният тарихида Дин турли шаклларда намоён бўлган. Диннинг дастлабки кўринишлари фетишизм, тотемизм, анимизм, сеҳргарлик ва б. дир. Шунингдек, уруғқабила Динлари, миллий Динлар (иудаизм, ҳиндуийлик, синтоизм, даосизм, конфуцийчилик), жаҳон Дин лари (буддизм, христианлик, ислом) вужудга келган. Дин аввалига кўпхудолик (поли-теистик), сўнгра яккахудолик (монотеистик) кўринишида бўлган. Ҳар бир Дин диний дунёқараш, диний маросим, диний туйғу ва сиғиниш объектларини ўз ичига олади. Ҳар қандай жамиятда Дин маълум ижтимоий, маънавий ва руҳий вазифаларни бажаради. Унинг ижтимоий ҳаётга таъсири кучлидир. Ҳар бир Дин диндорларини ўз таълимоти доирасида саклашга ҳаракат қилади, ўз қавмлари учун тасалли берувчи, овутувчилик вазифасини ўтайди. Динлар ўз маросим ва байрамларининг қавмлари томонидан қатьий тартибга амал қилган ҳолда бажарилишини шарт қилиб қўяди, шунингдек, ўз қавмларининг бирлигини, жамият ва шахснинг ўзаро алоқада бўлишини таъминлашга интилади. Дин инсонга яшашдан мақсад, ҳаёт мазмуни, бу дунё ва у дунё масалаларига ўз муносабатини билдириб туради. У умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб, хулқ-атвор қоидасига айлантиради (қ. Ахлоқ). Маданият ривожига катта таъсир кўрсатиб, умуминсоний ва миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва авлоддан-авлодга етказиш ишига ёрдам беради.

Дин инсоннинг ишончли ҳамроҳи, одамзот ҳаётининг бир қисми бўлиб келган. Унга турли даврда турлича муносабатда бўлинган. Динни жамиятнинг ҳукмрон кучлари давлат сиёсати даражасига кўтарган ёки Дин ҳамда диндорларни аёвсиз таъқиб остига олган ҳоллар тарихда кўп учрайди. Яқин ўтмишда — шўролар даврида Динни камситиш ва унга қарши кураш сиёсати олиб борилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Дин маданий-маънавий омиллар умумий силсиласига кирувчи тенг ҳуқуқли қадрият сифатида тан олинди ва Динга тўла эркинлик берилди. Диний жамоалар, ташкилотларга қонун доирасида очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатиш имконияти яратилди. Ўзбекистан аҳолисининг асосий қисми ислом динига, европалик аҳоли христианликнинг православие мазҳабига эътиқод қилади. Улар б-н бир қаторда католик, протестант, бошқа мазҳаб (жами 15 дан ортиқ конфессия) вакиллари яшайди. Улар ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, сиёсийижтимоий барқарорликни таъминлаш йўлида фаолият юритмоқдалар.

Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, Дин давлатдан ажратилган. Виждон эркинлигининг кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда (1998) баён этилган. Ўзбекистонда Дин ва диний дунёқараш дунёвий турмуш тарзи, дунёвий фикр билан ёнма-ён ривожланиб келмоқда.

Шоиста Шоабдураҳимова, Муҳаммаджон Қодиров.