ДИНИЙ МАРОСИМЛАР

ДИНИЙ МАРОСИМЛАР — фуқароларнинг диний таълимотлардан, уларнинг қонун-қоидалари ва ақидаларидан келиб чиқадиган диний фаолият ва хатти-ҳаракатлари. Диний маросимлар диний эътиқод, ибодатнинг амалдаги кўринишидир. Барча диннинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Диний маросимлар диний тасаввур ва сиғинишлар орқали вужудга келган. Қадимда одамлар ғайритабиий кучларга турли маросимлар орқали ижобий ёки салбий таъсир этиш мумкин деб ҳисоблаганлар. Диний маросимларни бажаришда коҳинлар, кейинчалик руҳонийлар бошчилик қилган. Улар ўз маросимларини аста-секин муайян диннинг талаби, хусусияти, ақидаси ва эҳтиёжига мослаган. Ислом динида ақиқа, амри маьруф, хатна, рўза тутиш ва рамазон ҳайити, қурбонлик қилиш ва қурбон ҳайити, намоз, ҳаж, жаноза, суннат, никоҳ, дафн ва б. маросимлар бор. Яҳудийликда — ибодат, шанба куни, туғилиш, линий балоғат, никоҳ ва дафн маросимлари алоҳида ўрин тутади. Христиан дини маросимлари мистериялар (қад. динларнинг махфий маросимлари) таъсирида шаклланган ва асосан Исо Масиқ шахси билан боғлиқ. Христианликдаги православ ва католиклар етти сирли маросим — чўқинтириш, нон ва вино тотиш, хушбўй мой суриш, баданни ёғлаш, никоҳ, тавбатазарру ва кашишлик (роҳибликка қабул қилиш)ни тан оладилар. Протестантлар эса фақат чўқинтириш, нон ва вино тотиш маросимини эътироф қиладилар. Буддизмда эрталабки ва кечки ибодат, монахларга озиқ-овқат келтириш, тийилиш куни, дунёга келиш ва балоғат ешини нишонлаш, никоҳ, янги уйга кўчиш, аждодларни хотирлаш ва дафн маросимлари мавжуд.

Ўзбекистонда Диний маросимларнинг эркин ўтказилиши таъминланади, аммо бунда қонунлар, жамоат тартиби бузилмаслиги ва шахсга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқига дахл қилинмаслиги керак. Диний маросимларда қатнашиш фуқароларнинг хусусий ишидир ва ҳеч қандай ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқармайди. Диний маросимлар ибодатхоналарда, диний ташкилот муассасаларида, зиёратгоҳларда, қабристонларда, фуқароларнинг хонадонлари ва уйларида ўтказилади. Белгиланган жойдан ташқарида Диний маросимлар ёки оммавий ибодатлар ўтказиладиган ҳолатларда бу ҳакда маҳаллий ҳокимият огохлантириб қўйилиши ва бундай тадбирлар қатъий тартибга риоя қилинган ҳолда ташкил этилиши лозим.

Аҳаджон Ҳасанов.

Prev Article

ДИНАС