Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

ДИПЛОМАТИК ЁЗИШМА

ДИПЛОМАТИК ЁЗИШМА — турли расмий хат-хабарлар ва дипломатик тусдаги ҳужжатлар мажмуи. Давлатлар ўртасидаги муносабатларни юритиш воситаси, давлат ташқи сиёсий ва дипломатик фаолиятининг асосий шаклларидан бири. Давлатлар ўртасида ёзишма тарзидаги муомала давлат, ҳукумат бошлиғи, ташқи ишлар идораси, турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда муассасалари ёки уларнинг бошликлари, дипломатик вакиллар ва айрим дипломатлар номидан йўлга қўйиб турилади. Мактублар, телеграммалар, хатлар, нота орқали ёзишмалар, шунингдек, декларация, баёнот, чақириқ, ахборот агентларининг хабарлари Дипломатик ёзишма турлари ҳисобланади. Дипломатик ёзишмада халқаро ҳаёт ва ташқи сиёсат, давлатлараро икки томонлама ёки кўп томонлама муносабат масалалари ёритилади. Мазкур ҳужжатларни тайёрлаш давлат ва унга тегишли муассасалар дипломатик фаолиятининг муқим соҳаси саналади.