ДИРИЖАБЛЬ

ДИРИЖАБЛЬ (франц. dirigeable — бошқарилувчи) — ҳаводан енгил учиш аппарати; бошқариладиган аэростат; корпусига тўлдирилган газ (гелий ёки водород)нинг кўтариш кучи ҳисобига баландлайди. Асосий қисмлари: корпус, қанот, стабилизатор, бошқариш руллари, одамлар ўтирадиган ва двигателлар ўрнатиладиган қисми — гондола. Д. га бир ёки бир неча винтли двигатель ўрнатилади. Дирижабльнинг юмшоқ, ярим қат-тиқ турлари бўлади. Дирижабль корпуси пишиқ матодан қилинади, баъзиларининг қорин томонига металл ферма ҳам ўрнатилади. Дирижабльни баландлатиш учун балласт (ортиқча юк)нинг бир қисми ташланади, пастлатиш учун газнинг бир қисми чиқариб юборилади. Дирижабльнинг тезлиги 100—135 км/соат дан ошмайди, ҳажми — 200 минг м3гача. Дирижабльлар бориш қийин бўлган, аэродромлар йўқ жойларга юк ва йўловчилар ташишда, сув ости кемаларини қидиришда қўлланилган. Француз ихтирочиси А. Жиффар буг двигателли бошқариладиган аэростатда биринчи бўлиб парвоз қилган (1852). Дирижабльдан асосан 20-а. 50-йилларигача фойдаланилган. 70-й. ларда қисман тикланган (мас, ГФР, Францияда). Ҳозир Дирижабль ўрнига вертолёт ишлатилмоқда.

Prev Article

ДИРЕКЦИОН