ДИСКЛАШ, тупроқни дисклаш — ернинг устки ҳайдалма қатламини дискли борона ва юмшатгичлар (лушчильник) б-н ишлаш. Дисклашда тупроқни юмшатиш, майдалаш, аралаштириш ва қатламни юза ағдариш ишлари бажарилади. Чимли ерларда ажриқ ва шунга ўхшаш ўтларни йўқотиш, чим палахса кўчмаслигини олдини олиш мақсадида ер ҳайдашгача ўтказилади. Суғорма деҳқончилик шароитида қумоқ тупроқларда Дисклаш ер ҳайдашдан олдин ёки далани экин экишга тайёрлащда; палахсали шудгорни ишлашда, ҳали етилмаган ерни баҳорги ҳайдовдан сўнг ёки баҳорги бороналаш кечикканда, оралиқ экин экиш учун ёзги шудгор вақтида 10—12 см чуқурликда ўтказилади. Ҳайдалган бедапояларда қайта кўкарган ўт ва бедаларни йўқотиш, эски бедапояларда тупроқ аэрациясини яхшилаш, шунингдек, янги пояларни кўкартириш учун Дисклаш яхши самара беради. Бироқ, илдизпояли бегона ўт босган ерларни экишдан олдин Дисклаш даланинг янада ўт босишига олиб келади (илдизпоя майдаланиб, далага ёйилиб кетади).