ДИЗАЙН

ДИЗАЙН (инг. design — лойиҳа, чизма, расм) — нарсалар муҳитини эстетик ва функционал сифатларини шакллантириш мақсадига қаратилган лойиҳалаш фаолияти турларини ифодаловчи термин. Д. фаолияти таркибига кенг истеъмол буюмлари, машина, дастгоҳ, кийим, реклама ва ўров материаллари, и. ч., жамоат ва турар жой биноларини жиҳозлаш, мебель ва б. киради. Дизайн 20-а. бошларида юзага келиб, 30-й. ларда махсус фаолият тури сифатида Ғарбий Европа ва АҚШда шаклланди. 80-й. 2-ярмидан Дизайннинг фаолият доираси кенгайди. Дизайнерлар рассом сезгиси билан бирга илмий фанлар (мас, материалшунослик, рангшунослик ва б.) га таянади, и. ч. жараёни ва шароитлари, социология ва б. билимларга эга булиши лозим. Дизайн соҳасидаги мутахассислар махсус олий ўқув юртларидатайёрланади. Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам интерьерлар ва саноат графикаси, либос Д. бўйича мутахассислар тайёрланади.