ДИЗЕНТЕРИЯ АМЁБАСИ

ДИЗЕНТЕРИЯ АМЁБАСИ (Entamoeba histolytica) — амёбалар туркумига мансуб бир ҳужайрали паразит ҳайвон. Рус олими Ф. А. Леш 1875 й. кашф этган. Кўп ҳолларда амёба цистаси одам йўғон ичагидаги ахлатда кўпаяди, лекин ичак эпителийсига зиён етказмайди. Бундай ҳолларда одам дизентерия б-н оғримасдан амёба цистасини ташувчи ҳисобланади. Бу амёбанинг ичак бўшлиғида яшайдиган шакли бўлиб, уз. 20 мкм га етади. Дизентерия амёбасининг сохта оёклари бошқа амёбаларникига нисбатан анча калта ва йўғон; ядроси юмалоқ; эндоплазмасида ютилган бир неча бактерия бўлиши мумкин. Ичак бўшлиғида Дизентерия амёбаси қобиққа ўралиб, шарсимон цистага айланади. Етилган цистанинг ядроси 4 та; етилмаганларида 1—2 ёки 3 та бўлади. Цисталар ахлат билан ташқи муҳитга чиқади; у ердан озиқ-овқат ёки қайнатилмаган сув билан яна одам ичагига ўтади, ривожланиб метациста (8 та ёш амёбали) ҳолатини ўтиб, ичак бўшлиғида яшайдиган шаклини ҳосил қилади. Айрим ҳолларда ичак бўшлиғидан унинг эпителийси ҳужайраларига кириб кўпайиб, яра ҳосил қилади (амёбиаз). Д. а. нинг тўқимада яшайдиган бу шаклининг катталиги 25 мкм га етади; унинг цитоплазмасида ҳеч қандай киритмалар бўлмайди. Ичак ярасидан чиқадиган шилимшиқ, йиринг ва қон ахлат билан аралашиб кетади. Бундай хрлларда ичак бўшлиғидаги ярадан чиққан амёбалар йириклашиб эритроцитларни ютадиган бўлиб қолади, амёбанинг эритрофаг, яъни катта вегетатив шакли пайдо бўлади. Эритрофаг ахлат билан ташқи муҳитга чиққанида 15—20 мин. дан сўнг нобуд бўлади. Амёбиазнинг ўткир даври сусайганда эритрофаг кичрайиб, ичак бўшлиғида яшайдиган шаклга, сўнгра цистага айланади. Цистали ахлат касаллик юқадиган манба ҳисобланади. Цисталар сувда ва нам тупрокда бир ой ва ундан кўпроқ тирик қолади. Дизентерия амёбаси билан зарарланган одам ичагидан бир кеча-кундузда ташқи муҳитга 300 млн., баъзи 600 млн. гача циста чиқиши мумкин.

Loading...