ДМИТРИЙ ДОНСКОЙ

ДМИТРИЙ ДОНСКОЙ, Дмитрий Иванович (1350.12.10 — Москва — 1389.19.5) — Москва (1359 й. дан) ва Владимир (1362 й. дан) улуғ князи. Иван II Красний (1326—59)нинг ўғли. Отаси ўлгач (1359), Олтин Ўрда хони Мурод унга улуғ князлик ёрлиғини берган. Д. Д. Москвада оқ харсангдан Кремль бунёд эттирган (1364). У 1372 й. Тверь ш. ни қамал қилиб, унинг князи Михаилни сулҳ тузишга ва улуғ князлик даъвосидан бутунлай воз кечишга мажбур этган. Сўнг, шу йили Рязань князлигини ҳам ўзига бўйсундирган. Шу тариқа Дмитрий Донской барча қўшни князликларни итоат эттириб, Олтин Ўрдага қарши урушга ҳозирлик кўра бошлаган. Аммо, 1377 й. Кўк Ўрда хони Араб-шоҳ (1376—77) Дмитрий Донской қўшинини тор-мор келтириб, Суздаль, Нижний Новгород ва Рязань князликларини ишғол қилган. 1380 й. Д. Д. Олтин Ўрда туманбошиларидан бири — Мамай қўшинлари билан жанг қилиб, уни енгган (қ. Куликово жанги). 1381 й. Ок Ўрда хони Тўхтамишхон Дмитрий Донской қўшинини бутунлай тор-мор келтириб, Москвани ишғол қилгач, Русь яна Олтин Ўрдага қарам бўлиб қолган.