ДОГА (Doga) Еужениу (Евгений Дмитриевич) (1937.1.3, Молдавия, Мокра қишлоғи) — молдаван композитори. Молдавияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1974), Молдавия халқ артисти (1982), Молдавия ФА акад. (1991). «Лучаферул» балети, кантаталар, симфоник ва камер асарлар, театр спектакллари ва 200 га яқин кино ва видеофильмлар учун мусиқалар ёзган. Мусиқа услубига ёрқин ифодавийлик, оҳангдорлик, жўшқинлик ва миллийлик хосдир. Молдаван халқ оҳанглари заминида яратган қўшиқлари («Гуллар уммони», «Шаҳрим ҳақида қўшиқ», «Днестр — менинг фахрим» ва б.) ва айниқса, кинофильмлар [«Лаутарлар», «Табор кўкка интилади», «МарияМирабелла», «Менинг нозик ва ёқимтой қоплоним», «Ёв-войи» («Ўзбекфильм»), «Жамила» ва б. ] учун ёзган мусиқалари машҳур. Молдавия Давлат мукофоти лауреати (1980). Халқаро мусиқали фильмлар фестивали (Брно, 1991) да кино мусиқаси соҳасида эришган буюк хизматлари учун Гран-при соврини билан мукофотланган.