ДОҒИСТОН ТИЛЛАРИ

ДОҒИСТОН ТИЛЛАРИКавказ (ибер-кавказ) тилларинкит энг кўп тармоқли гуруҳи. Мазкур тилда сўзлашувчи элатлар Доғистон, Шим. Озарбайжон, Грузиянинг айрим жойлари, Чеченистон, Ингушия ҳудудларида тарқалган. Доғистон тиллари тиллар гуруҳи ва айрим тилларга бўлинади:

1) авар-анддидой (цез) гуруҳи. Бу гуруҳга авар, анд, ботлих, каратин, ахвах, багулал, тиндин, чамалин, годобери, дидой (цез, хварши, гинух, бежитин ёки капичу, гунзиб) тиллари киради;

2) лак тили;

3) дарғин тили. Бу тиллар бир-биридан кескин фарқ қилувчи бир неча диалектларга бўлинади (буларнинг баъзилари (мас, кубачи, қай-тоғ)га, ҳатто алоҳида тил сифатида қаралган); 4) лазгин тиллари гуруҳи (лазгин, табасаран, оғул, рутул, цахур, крыз ёки жек, будух, хиналуг, удин, арчин);

5) тат тили. Бу тиллар таркибида лаҳжа ва шевалар ҳам мавжуд. Доғистон тиллари ичида фақат авар, лак, дарғин, лазгин ва табасаран тилларигина ёзувга эга (1917 й. дан сўнг юзага келган). Аввал булар ёзуви араб алифбосига асосланган, 1928—38 й. ларда лотин графикасига ўтган, 1938 й. дан бошлаб кирилл алифбоси асосида. Ўзига хос товушларни ифодлаш мақсадида «ъ», «ь», «i» белгилари қўшиб фойдаланилади.

Доғистон тиллари бўйича илк маълумотлар 18-а. охирларида пайдо бўла бошлайди. 19-а. 2-ярмида П. К. Усларнинг Доғистондаги йирик элатлар тилига бағишланган ишлари нашр этилади. 20-а. бошларида А. М. Дирр баъзи Доғистон тилларини тавсифини беради. 20-а. 20-й. ларидан бошлаб Доғистон тиллари (грамматикаси, луғати, диалектлари тавсифи, қиёсий-тарихий тадқиқи) ҳар томонлама ўрганила бошланди.

Доғистон тиллари фонетик ва грамматик қурилиши ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Талаффузда мураккаб консонант товушлар — латерал, увиляр бўғиз ва ҳиқилдоқда ҳосил бўладиган ундошлар мавжуд. Грамматикаси учун эрготив тузилмалар, кўп микдордаги ўрин келишиги, кўпчилигига 2 дан то 4 тагача от категорияси хос.