ДОГМАТИЗМ

ДОГМАТИЗМ, ақидапарастлик — танқидий нуқтаи назардан текширмай, аниқ шароитни ҳисобга олмай кўркўрона фикр юритиш усули. Фалсафада Догматизм бирор тезисни фалсафий тизимга асос қилиб олиб, унинг ҳақиқатлигини исбот қилиш шарт эмас деб фикр юритишда намоён бўлади. Қад. даврда фалсафада ҳамма нарсани шубҳа остига олувчи скептикларга қарамақарши ўлароқ ижобий фикр ва таълимотни илгари сурувчиларни догматиклар деб аташган. И. Кант тажриба ва кузатув билан ҳисоблашмай, инсон ақл-заковати бунга ҳақлими-йўқми деб ўйламай метафизик фикрловчиларни догматиклар деб ҳисоблаган. Догматизм диний таълимотда қатьий, ҳеч бир эътирозга йўл қўймайдиган ақидаларга риоя қилишда, фан соҳасида эса, тайин тарихий шароитларни ҳисобга олмай ўзгармас қонун ва қоидаларни тан олишда намоён бўлади. Догматизмга асосланган тафаккур усули илмий билишга зид, назария билан амалиётнинг бир-биридан ажралиб қолиши натижасидир. Догматизм ҳукм сурган жойда турғунлик, жаҳолат, карахтлик, қотиб қолиш, мутаассиблик пайдо бўлади. Яқин ўтмишдаги шўролар тузуми даврида фан, фалсафа, иқтисодиёт, адабиёт ва санъат соҳаларида догматик фикрлаш усули ҳукмронлик қилди. Иқтисодий, сиёсий ташкилотлар ва улар ишидаги бузилишлар илмда социализмнинг асосий моҳиятини ташкил этувчи томонлар сифатида кўрсатилар ва мутлақлаштирилар эди. Бу хулосалар эса ижтимоий фанларга баҳслашиб бўлмайдиган догма сифатида киритилиб, назарий фикрларнинг ижодий тараққиётига тўсиқ бўлиб қолган эди. Шундай шароитда кимки янги илмий муаммони кўтариб чиқса, ижодий фикр юритишга уринса, у социализм душмани деб эълон қилинар эди. Натижада ижтимоий фан вакиллари орасида социалистик жамиятни танқидий таҳлил қилиш мумкин эмас, деган фикр кенг ёйилган эди. СССР парчалангандан сўнг илм-фан ва б. назарий ҳамда амалий фаолиятда ижодий фикр юритиш имконияти вужудга келди.

Prev Article

ДОГА

Next Article

ДОЗИМЕТРИЯ