ДОК (инг. dock) — 1) кемаларнинг сувга ботиб турадиган қисмини қуриш, сувдан чиқариб кўздан кечириш ва таъмирлаш учун хизмат қиладиган иншоот. Док қуруқ, сувли ва сузиб юрувчи хилларга бўлинади. Қуруқ Док гавань ёки ҳавзанинг қирғоғига қурилади. У деворлари ва туби сув ўтказмайдиган камера, шлюз, насос ст-яси, кемаларни камерага киритиш ва ундан чиқариш жиҳозларидан иборат. Док ёғоч, тош, пўлат, бетон ва темир-бетондан қурилади. Унга сув тўлдирилиб, таъмирланадиган кема киритилади ва сув чиқариб юборилади, шунда кема махсус тўсинларга ўтириб қолади. Сувли Докда кема камера девори бўйлаб ясалган майдонга ўтиради. Бунинг учун майдонлар орасидаги каналга насос ёрдамида сув тўлдирилиб, кема киритилади ва сув чиқариб юборилади. Сувли Докда бир вақтда икки кема таъмирланиши мумкин. Сузиб юрувчи Док четларига кўтариш кранлари ўрнатилган узун пон-тоняан иборат. Кемани Докга киритиш учун понтонга сув тўлдирилиб, кема кирадиган даражада сувга ботирилади ва кранлар орасига тўғри келтирилади, сўнгра насос ёрдамида понтондаги сув чиқариб ташланади, Док сув бетига қалқиб чиқади ва кема понтон тубига ўтиради. Бундай Докнинг афзаллиги уни исталган жойга олиб бориш мумкинлигидир. Сузиб юрувчи Док пўлат ва темир-бетондан ясалади;
2) денгиз сатҳи кескин ўзгариб турадиган жойларда кемалар юк ортиш ёки юк туширишга қўйиладиган порт ҳавзаси (камераси). Бундай Докда сув сатҳи ўзгармай туради.