ДОКТОРАНТУРА

ДОКТОРАНТУРА — олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар (фан д-рлари) тайёрлаш шакли. Ўзбекистонда узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми ва олий босқичи. Д. Ўзбекистан Республикаси ФА, вазирлик ва идоралар тасарруфидаги илмий муассасалар, олий ўқув юртлари ва ташкилотларда очилади. Обрўли илмий мактаблар, етарли илмий салоҳият ҳамда зарур лаб. тадқиқот базаларига ва Ихтисослашган илмий кенгашга эга илмий тадқиқот ин-тлари, олий ўқув юртлари, илмий муассаса ва ташкилотлар қошида фан ва техниканинг энг муҳим мутахассисликлари бўйича фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш, республика ва унинг минтақаларида илмийтехника тараққиёти хамда ижтимоийиқтисодий ривожланишни таъминловчи давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилади. Докторантурага, одатда, ҳимоя қилинган номзодлик диссертацияга мос мутахассислиги бўйича д-рлик диссертациясига камида 50% хажмда асос бўла оладиган, илмий натижалари билан салмоқли ютуқларга эришган, ўзини қобилиятли ҳамда истиқболли илмий ёки илмий-педагог ходим сифатида намоён қилган, фундаментал тадқиқотларни юксак савияда олиб бориш ва халқ хўжалиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий муҳим илмий муаммоларни ҳал қилиш қобилиятига эга бўлган 45 ёшдан ошмаган фан номзодлари қабул қилинади. Докторантурада ўқиш муддати табақалаштирилган тарзда белгиланади (1—3 й.) ва у илмий ёки илмий-педагогик иш стажига қўшилади. Идора ичида ва идоралараро мақсадли Докторантура ҳам мавжуд. Мақсадли Докторантурага тузилган шартнома асосида муассаса ва таш-килотлар томонидан юбориладиган фан номзоди илмий даражасига эга бўлган шахслар қабул қилинади. Докторантура асосан и. т. ишлари натижаларини, яъни д-рлик диссертациясини Ихтисослаштирилган илмий кенгашларда ҳимоя қилиш билан якунланади. Диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилганларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси қарори билан тегишли фан соҳаси бўйича «фан д-ри» илмий даражаси берилиб, давлат томонидан тасдикланган намунадаги диплом топширилади.

Ботир Мирзаҳмедов.