ДЎЛ

ДЎЛ — юмалоқ ёки турли шаклдаги муз парчаларидан иборат атмосфера ёғини. Катталиги 5—55 мм ва ундан ортиқроқ, баъзан товуқ тухумидек ҳам бўлади. Йилнинг илиқ вақтларида (т-ра 20° дан юқори бўлганда), одатда, тўп-тўп ёмғирли булутлардан кундузи жала билан бирга ёғади. Ёғиннинг жадаллиги 0,21 дан 60 мм/с ўртасида ўзгариб туради; 1 сек. дан то 50 мин. гача давом этиши мумкин. Чўл минтақаларида Дўл, одатда, март—апрель, водийларда эса май— июнь ойларида ёғади.

Дўл қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади; экинзор, токзорлар, боғларни нобуд қилади. Дўл келтирадиган зарар ҳажми унинг жадаллиги ва давом этиш вақтига, дўл доналарининг катталиги, зичлиги ва тезлигига, шамолнинг кучи ва селнинг кўламига, ўсимликнинг тури ва ривожланиш фазасига боғлиқ. Дўл айниқса ғуза майсалари униб чиққан ва шоналаш даврида, ҳосиддор мевали боғлар ва узумзорларга кўпроқ зарар келтиради. Купгина мамлакатларда Дўлга қарши махсус оператив кураш хизмати ташкил қилинган. Зенит артиллерияси, ракеталар ва б. воситалар ёрдамида Дўл ҳосил қилувчи булутга кимёвий реагент (одатда, кумуш йод, карбонат кислота) сочилади. Реагент ута совуган томчиларни музлатади ва уларни майда доначаларга айлантиради. Майда Дўл эса уз навбатида атмосферанинг ерга яқин қатламларида эриб, ёмғир томчилари куринишида ер юзасига ёғади. Реагент етказиладиган жой (Д. ўчоғи) радиолокатор ёрдамида аникланади. Дўлга қарши курашнинг замонавий воситаларини амалда қўллаш қ. х. экинлари ҳосилига етказиладиган зарарни бирмунча камайтиришга имкон тугдиради.

Ўзбекистонда «Бошгидромет» таркибида гидрометеорологик жарёнларга фаол таъсир кўрсатиш бошқармасининг махсус хизмати Фаргона водийси, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида Дўл хавфи бўлган 1 млн. гектарга яқин майдондаги қ. х. экинларини Дўлдан ҳимоя қилади (2002).

Ад.: Опасные гидрометеорологические явления в Средней Азии [Под ред. А. Д. Джураева], Л., 1977.

Ҳамидулла Абдуллаев.

Loading...