ДЎМБИРА

ДЎМБИРА (танбура сўзидан) — торли чертма халқ мусиқа чолғуси. Ўзбек ва қозоқ Дўмбира турлари мавжуд:

1) ўзбек Дўмбира сининг дастаси силлиқ, пардалари белгиланмаган бўлади. Чолғунинг асосий қисми (косахона ва даста) ўрик, тоғолча ёки арча дарахтидан яхлит тарзда, косахонаси ўйиб ишланади. Пай торлари кварта, квинта, баъзида октава оралигида созланади. Диапазони тахм. 2 октава бўлади. Асосан Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, бошқа вило-ятларнинг айрим туманларида тарқалган. Мазкур чолғудан бахшилар халқ достонларини, термаларни куйлашда жўровоз сифатида, дўмбиракашлар эса «Чўпонча», «Дўмбира куй», «Бахши куй», «Келиной», «Қўнғироти» каби Дўмбира куйларини ижро қилишда фойдаланадилар. Ташқи кўриниши, тузилиши ва тембри Дўмбирага ўхшаш бўлган чолғу созлари олтойларда (топшур), тожикларда, афғонларда (дўмбироқ) мавжуд;

2) қозоқ дўмбираси нинг 2 асосий тури мавжуд. Ғарбий Қозоғистон Д. си ноксимон, косахонаси ўйилган, узун ва тор дастасида 13—14 парда боғланади. Унда асосан Қўрманғози, Даулеткерей, Байсерке, Таттимбет, Қазанғап каби қозоқ куйшилари басталаган чолғу куйлари ижро этилади. Шарқий Қозоғистон Дўмбираси учбурчак ёки куракча шаклида бўлиб, унинг нисбатан кенг ва калта дастасига 7—9 парда боғланади. Кўпрок, оқинпар томонидан жўровоз соз сифатида фойдаланилади. Қозоқ Дўмбираси ижро усулларининг хилмахиллиги, ифодавий имкониятларининг кенглиги туфайли қозокларнинг энг севимли халқ хамда профессионал (18-а. дан) мусиқа чолғусига айланган. 1930й. лардан ўзбек ва қозоқ Дўмбира сининг қайта ишланган турлари (прима, альт, тенор, бас, контрабас) халқ чолғулари оркестрлари таркибига киритилди.

Ад.: Кароматов Ф., Ўзбекская домбровая музыка, Т., 1962.

Prev Article

ДЎЛЧА

Next Article

ДЎППИДЎЗЛИК