ДОН ЖУАН

ДОН ЖУАН, Дон Хуан (Don Juan) – ўрта асрларда Европада яратилган кўпгина адабиёт ва санъат асарларининг қаҳрамони; маишатбоз, ахлоқий ва диний меъёрларни бузувчи, ҳаётини айш-ишратга бағишлаган рицарь образи. Унинг биринчи бадиий талқинини испан драматурги Тирсо де Молинанинг «Севилиялик шўх бола ёки Тош меҳмон» (1630) пьесасида кузатиш мумкин. Ундаги Дон Жуан аёлларни йўлдан уришга устасифаранг, шаҳватпараст шахс. Бу образ ижтимоий жиҳатдан ғоят типик бўлганидан кўпгина ёзувчилар, мусиқачилар, рассомларнинг эътиборини тортган. Француз драматурги Мольер ҳам Дон Жуан хақидаги халқ афсоналарини қайта ишлаб, «Дон Жуан» реалистик комедиясини (1665) яратди. Дон Жуан образига 19-а. даги романтик ёзувчилар Э. Т. А. Гофман, А. Мюссе, инглиз шоири Ж. Байрон, рус шоири А. С. Пушкин ва б. ҳам мурожаат қилишган.