ДОНИШМАНДИЯ ДАВЛАТИ

ДОНИШМАНДИЯ ДАВЛАТИКаппадокия вилояти ҳудудида бўлган қад. давлат (1071 — 1165). Пойтахти — Сивас ш. Д. д. га туркман амирларидан бири — Ғози Аҳмад ибн Али ибн Наср Донишманд (7—1106) асос солган бўлиб, аббосий халифа Ал-Қоим Биамриллоҳ (1031—75) унга ўзи Румда фатҳ қилган ерлар (Малотия ёки Мелитена, Сивас) ни инъом этган. Кейин, у ўз давлати ҳудудини Қастамуний ш. га қадар кенгайтирганда, Никсор (Никсар) ни қамал қилаётганда шаҳид бўлган. Унинг авлодлари (Ғози Муҳаммад ибн Донишманд, Ёғий Басон Абулмузаффар Низомуддин ибн Муҳаммад, Ғози Жамолуддин ибн Низомуддин, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Донишманд, Абулфидо Исмоил ибн Иброҳим) Амосия (Понт), Анқира (Анқара), Корум ва б. бир қанча шаҳарларни фатҳ этиб, Донишмандия давлати ҳудудини янада кенгайтирганлар, византияликлар ва салибчиларга қарши муваффақиятли уруш олиб борганлар, Малотия остонасида франкларнн тор-мор келтирганлар. Донишмандия давлати 1165 й. салжуқийлар томонидан тугатилган.