ДОНИЁЛБИЙ

ДОНИЁЛБИЙ (1785) – манғитларнинг нуфузли бийаридан, оталиқ. Бухоро амири Муҳаммад Раҳимнинг катта амакиси. 1758 й. 24 мартда Муҳаммад Раҳим вафотидан сўнг унинг ўғиллари бўлмагани учун хонлик тахтига вояга етмаган набираси Фозилтўра ўтказилган, Миёнкол ҳокими бўлган Дониёлбий унга оталиқ қилиб тайинланган. Бундан норози булган вилоят ҳокимлари, кенагас, юз, баҳрин, бурқут ва сарой қабилалари амирлари марказлашган ҳокимиятга қарши исён кўтариб, 10 минг йигитни қуроллантириб Бухоро томон юришган. Уларга қарши чиққан Дониёлбий исёнкор вилоят ҳокимлари билан бир битимга келишган. Унга кўра, Фозилтўрани тахтдан тушириб, урнига аштархоний шаҳзодалардан булган Абулғози хонлик тахтига ўтқазилган (1758 — 85). Дониёлбий ҳам оталиқ мансабини, ҳам амалдаги ҳукмдорликни ўз қўлида саклаб қолган. Дониёлбий оталиқ даврида ҳам ўзаро урушлар давом этиб, Кармана, Ўратепа, Нурота, Шеробод, Бойсун ва б. жойларда маҳаллий кучлар бош кутариб, пойтахт измидан чиқишга ҳаракат қилганлар. 1781 й. Россия ҳукумати Бухоро билан савдо битими тузишни таклиф этганида Дониёлбий бу битимни 92 ўзбек кабиласи бошликлари розилигисиз им-золай олмаслигини билдирган. Бу ҳолат Дониёлбий даврида Бухоро амирлигидаги сиёсий марказлашув даражаси Мухаммад Раҳим давридан анча паст бўлганидан дарак беради. Бу табиий суратда Бухоро ш. аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган. Бундан ташқари Д. қўшин таъминоти учун кўплаб қўшимча солиқлар жорий этиб, бу билан пойтахтдаги ҳунармандлар ва савдо аҳлини ўзига қарши қаратиб қўйганди. 1784 й. Бухорода қўзғолон кўтарилиб, унда мингга яқин киши ўлдирилган. Дониёлбий ҳокимиятни шаҳарликлар орасида обрў-эътибори баланд бўлган ўғли Шоҳмурод (1785— 1800) га топширишга мажбур бўлган. Бухоро хонлигини бирлаштириш ва марказлаштириш учун курашни Шоҳмурод давом эттирган. Шоҳмурод Дониёлбий жорий этган соликларни бекор қилган.

Манғитлардан бўлган бухоролик тарихчи Муҳаммад Ёқубнинг ёзишича: «Дониёлбий сахий ва мурувватли ҳоким сифатида машҳур бўлган, лекин давлат (молия) ишлари билан қизиқмаган. Бирон ишни бошлашдан олдин ишнинг кўзини биладиган кишилар билан маслаҳатлашган». Д. хонлик унвонини қабул қилмаган, оталиқ унвони билан қаноатланган.

Дониёлбий даврида меъморий ёдгорликлардан Халифа Худойдод мажмуаси (масжид, Мадраса, сардоба ва мозор, 1777) қурилиши бошланган.