ДОР — 1) дорбозлар ўйин кўрсатадиган қурилма. Махсус ёғоч, арқон, чиғириқ, мачта, «киндик», ҳавозадан иборат. Икки томонга тўсин, дор маркази (ўртаси)га ёғочдан ясалган баланд мачта ўрнатилади, ҳар икки чекка баландлигига текис тахта («киндик») ўрнатилади, икки томонга чиғириқ ва арғимчоқ, сал пастроққа «қулоқчўп» боғлаб қўйилади, қурилма тепасига «гумбаз» ишланади. Дор баландлиги 40 м гача бўлган ва ён арқонларни 20—30 томошабин белига боғлаб тортиб турган. Ҳозир Дор бир-бирига уланган трос («арқон»)дан тортилади, дорбознинг оёғи сирғанмаслиги учун бинт ёки изолента билан ўралади. Ҳозир Дор баландлиги 12—15 м бўлади. Баъзида Дор билан ёнма-ён симдор курилади; яна қ. Дорбозлик;
2) осиб ўлдиришга ҳукм этилган жиноятчилар учун қурилган махсус қурилма. Оғир жазо сифатида Шарқ мамлакатларида қадимдан маълум;
3) ювилган кийим-кечакни қуритиш, уй жиҳозлари, кийимларни шамоллатиш учун тортилган арқон;
4) келиннинг уйига келин-куёв сепини намойиш қилиш учун тортиладиган мослама.