ДОРИХОНА, аптека — дори воситаларини тайёрлаш, қадоқлаш, уларнинг сифатини назорат қилиш ҳамда тайёр дори воситалари, тиббий буюмлар, санитария ва гигиена ашёлари, маъданли сувлар, даволаш-косметика маҳсулотларини сақлайдиган ва сотадиган тиббиёт муассасаси. Дорихонада тўсатдан касал бўлиб қолган ёки бахтсиз ҳодисага учраган кишиларга тез тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади.
19-а. нинг 2-ярмида Ўзбекистоннинг баъзи шаҳарларида ташкил этилган госпиталь ва лазаретлар қошида Дорихоналар бўлган. Биринчи расмий Дорихона 1874 й. май ойида Тошкент ш. да маҳаллий аҳоли маблағи ҳисобига очилган.
Дорихона муассасалари мулкчиликнинг шаклига кўра, акциядорлик, жамоа ва хусусий Дорихона ларга, и. ч. хусусиятига кўра тайёр дори воситаларини сотадиган ҳамда дори тайёрлаб берадиган (рецептга мувофиқ), шунингдек, улгуржи савдо қиладиган ва касалхона ҳамда поликлиникалар қошидаги Дорихона ларга бўлинади.
Фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган барча жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фармацевтика фаолияти кўрсатаётган чет эл ваколатхоналарининг субъектлари ушбу фаолият б-н шуғулланишлари учун лицензиялари бўлиши шарт.