ДОРИЙЛАР — Юнонистоннинг тўрт асосий қабилаларидан бири. Мил. ав. 12-а. да Шим. ва Ўрта Юнонистондан Пелопоннеснинг жан.-ғарбига (Арголида, Мессения, Лакония), кейинчалик Родос, Крит, Кос о. лари ва Кичик Осиё (Книд) ҳамда Жан. Италия, Сицилиянинг турли жойларига бориб ўрнашганлар. Дорийлар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Пелопоннесда Дорийлар ҳукмрон элат бўлган, и. ч. да қуллар меҳнатидан фойдаланилган, давлат вужудга келган. Дорийлар бошқа юнон қабилаларидан ўзининг ҳарбий интизоми, барқарор уруғчилик урф-одатлари, мағрурликлари ва оддий ҳаёт тарзи билан ажралиб турган. Булар Спарта ақли учун хос бўлган. Дорийлар шеваси адабий тил ҳисобланган. Маданият соҳасида Дорийлар бошқа юнон қабилаларидан, айниқса ионияликлардан анча ортда қолганлар. Дорийлар яшаган ҳудудларда йирик қулдорлик давлатлари вужудга келган.