ДОРО

ДОРО — қад. Эрондаги ахоманийлар сулоласига мансуб подшоҳлар: Д. I, Дарайаваухш (мил. ав. 522—486 й. ларда ҳукмронлик қилган). Камбиз I ўлимидан фойдаланиб ҳокимиятни қўлга олган коҳин Гауматапш ўлдириб, тахтни эгаллаган. Мил. ав. 522—21 й. ларда 10 минг кишилик хос қўшини ёрдамида Бобил, Эрон, Мидия, Марғиёна, Элам, Миср, Саттагидия, Парфия, Сўғд, Хоразм, Бақтрия ва б. мамлакатлардаги қўзғолонларни бостирган. Д. I Ҳиндистоннинг шим.-ғарбий қисмидаги бир қанча ўлкаларни ҳам ўз давлатига қўшиб олган (мил. ав. 518). Қора денгизнинг шим. даги скиф қабилалари билан урушиб мағлубият билан қайтган (мил. ав. 514). Доро даврида юнонлар билан эронликлар ўртасида бошланган уруш бир неча йил давом этган (қ. Юнон-форс урушлари). Д. I мамлакатни бир неча ҳарбий-маъмурий вилоятлар (сатраплик) га бўлиб, уларга форс зодагонларидан ҳоким (сатрап)лар тайинлаган; янги солиқ тизимини жорий қилган. Мамлакатдаги мавжуд карвон йўлларининг мустаҳкамланиши ва янги савдо йўлларининг очилиши, Нилдан Сувайшгача бўлган каналнинг таъмир қилиниши, олтин танга (қ. Дарик) зарб қилиниши ўша даврдаги халқаро савдонинг ривожланишига муҳим ҳисса қўшди. Доро даврида ибодатхоналар (Мемфисда), қасрлар (Сузада), шоҳ қароргоҳи (Персеполда) қурилди. Доро ҳукмронлик қилган йиллар ахоманийлар давлатининг энг юксалган даври ҳисобланади. Доро даврида содир бўлган воқеалар, хусусан Турон қабилаларининг миллий озодлик ҳаракатлари Биҳистун китобаларида акс эттирилган.

Доро, қад. эронча Вахука, юнонча Нот (мил. ав. 423—404 й. ларда ҳукмронлик қилган). Артаксеркс I нинг ўғли. Доро даврида Мидияда ахоманийлар зулмига қарши қўзғолон кўтарилган (мил. ав. 409), Миср мустақил вилоят бўлиб ажралиб чиққан (мил. ав. 404), Ахоманийлар давлатига тобе бўлган бошқа вилоятларда ҳам ҳокимларнинг марказий ҳукуматга қарши ҳаракатлари ва ўзаро урушлари кучайган.

Доро, Кодоман — ахоманийлар сулоласининг энг охирги подшоси (мил. ав. 336—300). Мил. ав. 335 й. нинг охирида Мисрни қайта бўйсундирди, бироқ Искандар Зулқарнайн қўшинидан Исс (мил. ав. 333) ва Гавгамела жанги (мил. ав. 331) да тамоман мағлубиятга учраб, Шарқий Эронга қочган. Ўз амалдори, Бақтрия сатрапи Бесс томонидан ўлдирилган.