ДОРУССАЛОМ (араб. — Тинчлик уйи) — Танзаниядаги шаҳар, Соҳилбўйи вилоятининг маъмурий маркази. Ахолией 1,7 млн. киши (1998). Мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази. Иқлими субэкваториал, ўртача т-раси авг. да 23°, янв. да 28°. Йилига 1500 мм ёғин ёғади.
Доруссалом 1862 й. да Занзибар султони томонидан балиқчиларнинг Мзизима қишлоғи ўрнида бунёд этилган. 1887 й. да Германиянинг Шарқий Африка компанияси томонидан босиб олинган. 1891 й. дан Германия Шарқий Африкаси маъмурий маркази. 1919 й. да инглиз қўшинлари томонидан эгалланди. 1919—61 й. ларда Англиянинг Таньганика мустамлакаси маъмурий маркази, 1961 й. дан мустақил Таньганика давлатининг, 1964 й. дан 1993 й. гача Танзания давлати пойтахти. 1993 й. дан пойтахт Додома ш. га кўчирилди.
Доруссалом мамлакатнинг Ҳинд океани соҳилидаги энг йирик порти. Автомобиль ва т. й. тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Нефтни қайта ишлаш, цемент, тайёр қисмлардан автомобиль йиғиш, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат (гўшт-консерва, тама-ки, ун тортиш), пойабзал ва б. саноат корхоналари бор. Мебель, металл идишлар, лок ва бўёқлар ишлаб чиқарилади. Кемасозлик ривожланган. Балиқовланади. Доруссаломдан Замбияга нефть қувури ўтказилган. Унт, ботаника боғи, тарих-этн. музейи бор. Шаҳар яқинида 13-а. да қурилган масжид қолдиқлари сақланган.