ДОШУМОВА Тамара Ғаниевна

ДОШУМОВА Тамара Ғаниевна (1954.10.3, Нукус) — хонанда. Қорақалпоғистон (1977), Ўзбекистон (1980) ва Татаристон (1981) халқ артисти. Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати ин-тининг драма ва кино актёри ф-тини тугатган (1986). 1968—96 й. лар Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат филармонияси қошидаги «Ойқулаш» ансамблининг яккахони, 1996 й. дан «Аму тўлқини» ансамблида хонанда. Кучли, нафаси кенг, баланд ва ёқимли овозга эга. Репертуаридан қорақалпоқ халқ («Нолиш», «Ғулпақ» ва б.), хоразм («Бўлмас» ва б.) қўшиқлари, қорақалпоқ ҳамда ўзбек композитор ва бастакорлари асарлари («Кўнгил кўнгилдан сув ичар», Н. Муҳаммеддинов; «Қўшиғимга ўзинг қанот бўласан», «Сенинг бу дунёда борлигинг», «Ёр этма», X. Турдиқулов; «Бесик жыры» М. Жиемуратов; «Йўлларим», М. Ашрафий ва б.) ўрин олган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1981).