ДЎСТЛИК

ДЎСТЛИК — ижтимоий-ахлоқий ва психологик тушунча. Ўзаро ҳурмат, ёқтириш, манфаатларнинг умумийлиги, яқинлик, бир-бирини тушунишга асосланган кишилар ўртасидаги муносабат шаклини ифодалайди. Кишиларнинг мулоқот шакли сифатидаги Дўстлик қонқардошлик, ўртоклик, биродарлик тушунчаларига яқин, лекин психологик нуқтаи назардан эса улардан ўзининг алоҳидалиги, танлаш хусусияти, ҳис-туйғу билан фарқ қилади. Ахлоқийпсихологик ҳодиса ва шахсий хислат сифатида Дўстлик одамнинг ёши (болалик, ўсмирликдаги Дўстлик), шахснинг шаклланиши билан (мактабдаги, талабалик йилларидаги, армиядаги Дўстлик) ўзгариб боради. Ижтимоий-ахлоқий муҳит, кишиларнинг турмуш тарзи Д. нинг мазмун-моҳиятини белгилайди. Ўзаро манфаат (Эпикур, утилитаризм намояндалари), «табиий ёқтириш» ҳисси (А. Смит), бахтга эришишга кўмаклашиш (18-а. француз маърифатпарварлари) ва б. Д. нинг асоси сифатида қаралган. Ҳақиқий, мустаҳкам Дўстлик юксак, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мақсад ва идеаллар муштараклигини англаш асосида шаклланади. Дўстлик миллат ва халқлар ўртасидаги ижобий алоқаларда ҳам ўз ифодасини топади. Ҳоз. даврда кўп миллатли Ўзбекистоннинг ривожланиши учун халқлар ўртасидаги Дўстлик ниҳоятда муҳим. Халқлар, миллат ва элатлар ўртасидаги Д. Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир.

Loading...