ДОЦЕНТ

ДОЦЕНТ (лот, dosene — таълим берувчи) — бир қанча мамлакатларда олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг илмий унвони ва лавозими. Ўзбекистонда Доцент унвони кафедра мудири ва б. лавозимларга танлов бўйича сайланган ёки шу лавозимларда шартнома асосида ишлаётган ёхуд олий ўқув юртининг ректори (ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори), малака ошириш ин-ти ва унга тенглаштирилган ўқув юртининг директори (директор ўринбосари) лавозимларини эгаллаб турган, уларда ўқув йили давомида муваффақиятли фаолият юритган, олий ўқув юртлари ёки малака ошириш ин-тларида камида 3 й. педагог бўлиб ишлаган ҳамда пед. амалиётида фойдаланилаётган, шу жумладан диссертация ҳимоясидан кейин матбуотда эълон қилинган илмий ва ўқув-методик ишларга эга бўлган фан д-рлари ва номзодларига берилади. Олий ўқув юртида камида 5 й. лик педагоглик иш стажига эга, коллеж, лицей, гимназия, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртлари учун дарслик ёки ўқув қўлланмалари, умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликларнинг якка муаллифлари бўлиб, танлов бўйича ёки шартнома асосида кафедра мудири Доцент лавозимига тайинланган ва мазкур лавозимларда ўқув. йили давомида муваффақиятли ишлаган олий маълумотли юқори малакали мутахассисларга ҳам илмий даражаси бор-йўқлигидан қатъи назар, Доцент унвони берилиши мумкин. Доцент унвонини, қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар республика олий ўқув юртлари ва и. т. муассасалари илмий (илмий-техника) кенгашларининг тавсиясига биноан ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қузуридаги Олий аттестация комиссияси беради. Доцент ларга белгилаб қўйилган намунадаги аттестатлар топширилади. ЎзР да Олий аттестация комиссияси ташкил этилгандан бери (1992) 2002 й. 1 янв-. гача 3088 киши Доцент унвонига эга бўлган.

Prev Article

ДОСТОНЧИЛИК

Next Article

ДОҒИСТОН