ДОУ-ЖОНС ИНДЕКСИ

ДОУ-ЖОНС ИНДЕКСИ — АҚШнинг етакчи компаниялари акциялари курсининг Нью-Йорк биржасидаги ўртача кўрсаткичи, биржа индикатори. Бу индекс дастлаб 1884 й. дан «ДоуЖонс энд компани» фирмаси томонидан 11 компания акциялари курси буйича «Уол стрит жорнэл»да эълон қилиниб борилган. 1928 й. дан 30 та компания акциялари бўйича ҳисобланиб, мунтазам матбуотда эълон қилиб бориладиган бўлди. Ҳозир Д.-Ж. и. акциялар курсининг биржа ёпиладиган чоғда ҳар кунги ўртача қийматларини кўрсатади, муайян вақтдаги акцияларнинг ўртача нархи олдинги даврдаги нархга солиштирилади. Мас, олдинги нарх индекси 10, 100 ёки 1000 бирлик деб қабул қилинган бўлса, кейинги нарх шунга таққосланиб, нарх ошса, янги индекс 10,6, 106,1, 1010,5 деб баҳоланиши мумкин. Акциялар курси индексининг кўтарилиши унинг харидорларини кўпайтиради ёки аксинча. Компаниялар акцияларининг курс индексига қараб иқтисодий вазиятга баҳо берилади. Д.-Ж. и. фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий вазиятга қараб ҳам ўзгариб туради.

Prev Article

ДОСТОНЧИЛИК

Next Article

ДОҒ