ДОВУД ҚУРУВЧИ

ДОВУД «ҚУРУВЧИ», Довуд «Бинокор», Давид IV Георгиевич (1073—1125) — Грузиянинг багратионлар сулоласи давридаги подшоларидан (1089—1125). Грузия князликларини марказлашган яхлит давлатга бирлаштиришга асос солган йирик давлат арбоби. Довуд қурувчи «Қ.» 1097 й. салжуқийларга солиқ тўлашни тўхтатиб, Грузиянинг мустақиллигини тиклаган. 1104 й. Кахети, Эрети ва б. шаҳарларни ўз ҳудудига қўшиб олган. 1122 й. Тбилисини ишғол қилган ва пойтахтни Кутаисидан Тбилисига кўчирган. Д «Қ.» черковдаги юқори лавозимни наслдан-наслга ўтказишга барҳам бериб, унга ҳукумат мансабдорларидан сайлаш тартибини жорий қилган. У зодагонларнинг кўнгилли лашкарларидан ташқари, бевосита подшога қарам бўлган доимий қўшин тузган (1118—20). Д «Қ.». қипчоқлар улуғ хонининг қизи — Гурандухтга уйланиб, 45 мингдан ортиқ қипчоқни аскарий хизматга жалб этган. Бундан ташқари у шаҳар, катта (шоҳ) кўчалар, кўприклар, қаср (сарой)лар, карвон саройлар қуришга, маориф ишларини ривожлантиришга катта аҳамият берган. Гелати ш. даги академияга асос солган. Унинг тараққийпарварлигини назарда тутиб «Қурувчи» деб ном берилган.

Loading...