ДОВУД — Қуръонда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Яҳудий ва христиан диний адабиётларида Давид номи билан маълум бўлган. Тарихий маълумотларга кўра, Довуд мил. ав. 11-а. да Исроил ва Иудеяни бирлаштириб, ягона яҳудий давлатини тузган подшо. Қуръонда ёзилишича, Д. Жолут (фаластинликлар лашкарбошиси) устидан ғалаба қозонган. «Аллоҳ унга (Д. га) подшоҳлик, пайғамбарлик ва Ўзи хоҳлаган нарсаларидан таълим берди» (Қуръон, 2:251), Д. алайҳиссаломга Мусо (ас)дан сўнг самовий китоб — Забур туширилган. Довуд темирчиликнинг асосчиси ҳисобланади, ўз қўл меҳнати билан тирикчилик ўтказган: темирдан ҳар хил асбоблар ясаб, уни сотиб кун кўрган. Айни чоғда Довуднинг ниҳоятда хушовоз бўлганлиги, тоғлару қушлар унга қўшилиб «тасбеҳ айтиши», даъволашувчи томонларни муросага келтириш, одилона ҳукм қилиш қобилиятига эга эканлиги ҳақида кўп ривоятлар бор. Д. алайҳиссалом вафотидан сўнг, барча мулк ва пайғамбарлик ўғли Сулаймон (ас)га мерос бўлиб қолган.