ДОЯХОТИН КАРВОНСАРОЙИ — Туркманистондаги 12-а. га оид меъморий ёдгорлик. Қад. Амул (Чоржўй) дан Хоразмга борадиган карвон йўли (Амударёнинг чап қирғоғи)да жойлашган. Маҳаллий аҳоли орасида Бой хотин карвонсаройи номи билан ҳам маълум (афсонага кўра, машҳур бир бой хотин қурдирган). Бинонинг тарҳи тўғри тўртбурчак (112х 125 м), ташқи бурчаклари бурж-минорали бўлиб, тўғри тўртбурчакли қўрғон ўртасига қурилган. Карвонсарой ўртасида атрофи тоқили айвонлар билан ўралган катта ҳовли (53×53 м) бўлган. Унда йўловчилар учун ҳужралар, от-уловга эса чўзинчоқ хоналар қурилиб, тепаси балхи гумбаз билан беркитилган. Ҳовлининг ҳар тара-фи ўртасида пештоқли айвон ва чорси хона, ҳамда молхона ва ҳужраларга равоқлар орқали кирилган. Деворларнинг ташқи ва ички томони пишиқ ғиштдан, ораси эса хом ғиштдан терилган. Дояхотин карвонсаройининг олд (шим.шарқ) томони улкан, гўзал пештоқ билан безалган, ғиштлари бўйлама ва кўндаланг («арча» усулида) терилиб, куфий хатида тўрт халифа (Абу Бакр, Умар, Али, Усмон) нинг номи ёзилган. Дояхотин карвонсаройи Буюк ипак йўлидаги йирик жамоат савдо-сотиқ иншооти сифатида Ўрта Осиё меъморлиги санъатини ўзида мужассам этган ноёб намуна.