ДЎЗАХ, жаҳаннам — кўпчилик диний таълимотларга кўра, дин талабларини бажармаган гуноҳкорлар охиратда жазоланадиган жой. Яҳудийлик, христианлик, ислом динларидаги асосий тушунчалардан бири. Қуръонда Дўзах ҳақида бир неча ўринда таъкидлаб ўтилган (6:128; 11:106, 107). Диний ақидага кўра, Дўзахни Аллоҳ кофирларга ва гуноҳкор бандаларга жазо бериш учун яратган. Дўзах ичида олов ёниб турадиган даҳшатли чуқурликдир. Дўзахга маҳкум қилинган бандалар шу оловга ташланади, улар қайноқ сув ичишади, у ерда ўсадиган заққум дарахтининг (шайтон бошига ўхшаган) меваси билан овқатланишади ва б. азоблар чекишади. Қуръонда «қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз» деб кайд этилади (4:56). Дўзах азобларидан яна бири — ачиштирувчи совукдир. Дўзах бир неча табақадан иборат бўлиб, ҳар бир гуноҳкор ўз гуноҳига қараб табақаларда азобланади. Дўзахнинг етти дарвозаси бор: Ҳовия — энг чуқурликда жойлашган бўлиб, ундан мунофиқлар, Фиръавнга ўхшаган ашаддий кофирлар киради; Жаҳим — мушриклар; Сақар — диндан қайтган муртадлар; Лазо — шайтон-Иблис, унинг дўстлари ва мажуслар; Ҳутама — Аллоҳнинг амрига бўйсунмаган кофир кимсалар; Саир — Аллоҳга ширк келтирган насоролар; Жаҳаннам — гуноҳи кабиралар қилиб, тавбасиз ўтган мусулмонлар кирадиган дарвозалардир. Дўзахни Молик исмли фаришта бошчилигидаги фаришталар қуриклайди. Қалбида Аллоҳга имони бўлган бандалар Дўзахда маълум вақт азоб тортганларидан сўнг ўша имонлари шарофати билан Дўзахдан чиқарилиб, жаннатга киритилади. Фақир-фуқаро, етим-есирларга раҳм-шафқатлилик, мусулмонлар ва инсон боласининг оғирини енгил қилиш кўплаб бандаларнинг Дўзах ўтидан озод этилишига сабаб бўлади. Аммо, иймонсиз кишилар, кофир ва мушриклар Дўзахдан чиқмай доимий азобда қолади.