ДРАМА

ДРАМА (юн. drama — ҳаракат) — 1) бадиий адабиётнинг 3 асосий туридан бири (эпос, лирика билан бир қаторда). Драма театртэ. ҳам тааллуқли. Сюжетлилик, ҳаракатларнинг зиддиятга асосланиши ва уларнинг саҳна, эпизодларга бўлиниши, баённинг йўклиги, персонажлар муносабатларининг ўзаро сўзлашувга асосланиши Драманинг ўзига хос хусусиятидир. Ижтимоий (конкрет тарихий ва умуминсоний) муаммоларни акс эттирувчи драматик зиддиятлар қахрамонларнинг хатти-ҳаракатларида, аввало диалог ва монологларда ифодаланади. Драма матни кўришга (имо-ишора, ҳаракат), шунингдек, эшитишга мўлжалланади; у саҳнавий макон, замон ва театр техникаси (мизансценалар қурилиши) имкониятларига ҳам мувофиқ келади. Драма адабий асар сифатида актёр, режиссёр томонидан саҳнада ўз талқинини топади. Драма туфайли театр санъати юзага келган ва у кино санъати учун ҳам асос бўлган (қ. Кинодраматургия). Д. жанрлари: трагедия, комедия, драма (жанр сифатида) ва трагикомедия.

2) Драматургия жанрларидан бири. Маърифатпарварлик даври (Дидро, Лессинг)дан бошлаб Драма бадиий адабиётнинг етакчи жанрларидан бирига айланган. Унда инсоннинг зиддиятли ҳаёти ифодаланади. Тарихий Драмага фожиавийлик хос. Ўзбек драматургияси 20-а. бошларигача оғзаки шаклда мавжуд эди. 20-а. нинг 1-ярмида дастлабки ёзма миллий саҳна асарлари яратилди: «Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли» (Беҳбудий), «Тўй» (Нусратулла Қудратулла ва Ҳожи Муъин), «Бой ила хизматкор», «Кўкнор», «Мазлума хотин» (Ҳожи Муъин), «Жувонмарг», «Аҳмоқ» (Абдулла Бадрий), «Бахтсиз куёв» (Абдулла Қодирий), «Заҳарли ҳаёт», «Илм ҳидояти» (Ҳамза), «Пинак», «Адвокатлик осонми?» (Авлоний) ва б. Булар Драма жанри имкониятларини ўзида тўла ифодалади. 20—30-й. ларда ўзбек драматургияси Ғулом Зафарий, Фитрат, Чўлпон, Зиё Саид, Хуршид, Собир Абдулла ва б. драматурглар ижоди туфайли янада ривожланди. 40-й. лар драматургияси 2-жаҳон уруши ва урушдан кейинги давр вазифаларига мувофиқ тараққий этди. Замонавий драматик асарларда ўзбек халқи тарихи, буюк сиймолар кўпроқ ёритилди. Ҳ. Олимжон, Иззат Султон, Уйғун, Шайхзода кабилар инсонпарварлик ва ватанпарварлик руҳи билан суғорилган «Муқанна», «Жалолиддин», «Алишер Навоий», «Мирзо Улуғбек» каби трагедия ва драмалар яратдилар. Ўзбек драматургиясининг етук намуналари бу жанрнинг энг яхши анъаналари асосида яратилди. Драмада давр муаммолари ва ҳаётий зиддиятларни ички руҳий кечинмалар асосида ифодалаш ўзбек саҳна асарларининг етакчи хусусиятига айланди. А. Қаҳҳорнинг «Шоҳи сўзана», «Тобутдан товуш», И. Султоннинг «Имон», Уйғуннинг «Парвона», Ў. Умарбековнинг «Қиёмат қарз» пьесалари шулар жумласидан.

Ад.: Белинский В. Г., Танланган асарлар, Т., 1955; Раҳмонов М., Ўзбек театри тарихи (XVIII асрдан XX аср аввалигача), Т., 1968; Имомов Б., Жўраев Қ., Ҳакимова Ҳ., Ўзбек драматургияси тарихи, Т., 1995.

Мурод Иброҳимов.