ДРЕСВА

ДРЕСВА — тоғ жинсларининг нурашидан ҳосил бўлган цементланмаган ҳосилалар (майда шағал). 1 — 10 мм катталикдаги ўткир қиррали, тоғ жинси ёки минерал бўлакларидан иборат. Кўпинча туб жинслар атрофида йиғилади. Дресвани сунъий йўл билан тошларни майдалаб ҳам олинади. Ўзбекистонда Чатқол, Қурама, Нурота, Зирабулоқ, Зиёвуддин, Қоратепа ва б. тоғларда интрузив жинслар — габбро, граноди-орит, гранит ва аляскитларнинг ер юзасида очилиб қолган жойларида уч-райди. Қурилишда ишлатилади.