ДРОГОБИЧ

ДРОГОБИЧ — Украинанинг Львов вилоятидаги шаҳар. Тисменица дарёси бўйида, Карпат тоғлари этагида. Т. й. ва автомобиль йўллари тугуни. Аҳолиси 79 мингдан зиёд киши (1990й. лар ўрталари). Нефтни қайта ишлаш, машинасозлик ва металлсозлик (автомобиль кранлари, газ аппаратуралари ва б. ишлаб чиқарилади), кончилик, кимё, ёғочсозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари, пед. ин-ти, олий ва махсус ўрта ўқув юртлари, театр, ўлкашунослик музейи бор. Д. атрофидан нефть қазиб олинади. Дрогобич шаҳар сифатида 1238 й. дан маълум. Роман минораси (14-а. бошлари), готика костёли (15-а.). Воздвиженье (17-а.) ва авлиё Юра ёғоч черковлари сақланган. 1952 й. т. й. вокзали қурилган.